Ўзбекистонда гидрометеорологик маълумотларни йиғиш учун автоматлаштирилган метеорология станциялари кўпайтирилади. Бу ҳақда 6 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги йиғилишда янги ташкил этилган Табиат ресурслари вазирлиги томонидан ўтказилган тақдимотда маълум қилинди.

Йиғилишда ҳар бир туман ва шаҳарларда атмосфера ҳавоси ифлосланишини мониторинг қилиш учун автоматлашган кичик станциялар ўрнатилиши қайд этилди. Шунга асосан, ҳудудларнинг ҳаво тозалиги рейтинги шакллантирилиб, мансабдор шахслар ишига баҳо бериб борилади.

Бундан ташқари, гидрометеорология йўналишида автоматлашган метеорологик станцияларни кўпайтириш, гидрологик ўлчов ускуналарини автоматлаштириш, агрометеорологик хизмат бўйича мобиль иловани ишга тушириш чоралари белгиланди.

Президент сув, ҳаво, ер ва ерости бойликларини муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Хусусан, 500 зиёд корхонада сув тозалаш иншооти стандартга жавоб бермайди, баъзиларида умуман йўқлиги таъкидланди.

«Компенсация миқдори камлиги сабабли, бундай технология ўрнатишдан кўра, компенсация тўлаш фойдали бўлиб қолган. Шу боис меъёрдан ортиқча оқова учун компенсация тўловини ошириш таклифи билдирилди. Давлатимиз раҳбари экологик назорат инспекцияси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди», — дейилади хабарда.

Жумладан, Ўзбекистонда йилига 7 млн тонна маиший чиқинди ҳосил бўлаяпти. Шундан фақат 2 млн тоннадан зиёди қайта ишланади. Қолган чиқиндилардан пайдо бўлаётган иссиқхона гази ва сизот сувлар табиатга зарар етказаяпти.

Оҳангарондаги эски полигонда чиқиндидан 15 Мегаватт электр энергияси олиш лойиҳаси бошланган. Давлат раҳбари бу тажрибани кенгайтириб, бошқа полигонларда ҳам чиқиндини қайта ишлаш ва муқобил энергия олишни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

Ўрмон хўжалигида дарахт билан қопланган ҳудудлар атиги 8 фоиз экани ҳам етарли эмаслиги айтиб ўтилди. Кўчатчиликни ривожлантириб, чўлларда 221 минг гектар, тоғ ҳудудида 15 минг гектар ўрмонлар барпо қилишга имконият борлиги қайд этилди.

Бунда, ўрмончилик соҳасини ривожлантириш ҳамда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда тубдан янги тизимни жорий этишга кўрсатма берилди. Жумладан, боғ ва ўрмонларни барпо этиш марказий молиялаштириладиган манзилли дастур асосида амалга оширилиши қатъий белгиланди.