Ўзгидромет республикадаги 22 та шаҳар ва бошқа аҳоли пунктларида жойлашган 61 та турғун постда атмосфера ҳавосининг сифати бўйича кунлик, майда дисперсли заррачалар бўйича эса ойлик кузатишлар олиб борилади.

Бу Ҳукуматнинг 3 июндаги «Атроф муҳитнинг ифлосланиш даражасини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорида ўз аксини топган.

Ҳужжатга кўра, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида атроф табиий муҳит давлат мониторинги тизимининг Ягона геоахборот маълумотлар базаси яратилди.

Қарор билан 2021−2025 йилларда Ўзбекистонда атроф табиий муҳит мониторинги дастури ҳам тасдиқланган.

Дастурга мувофиқ, қуйидаги тадбирларни амалга ошириш белгиланди:

  • сув ресурслари, атмосфера ҳавоси ва тупроқларни ифлослантирувчи манбалар мониторинги;
  • атмосфера ҳавоси, ер усти ва ер ости сувлари ҳамда ерларнинг ифлосланиши мониторинги;
  • кўллар экотизимлари мониторинги;
  • ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари мониторинги;
  • атроф муҳитнинг трансчегаравий ифлосланиш мониторинги.

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида 2021 йил 1 декабрга қадар атроф табиий муҳит давлат мониторинги тизимининг Ягона геоахборот маълумотлар базасини тўлиқ шакллантиради.