Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия уч томонлама газ иттифоқи лойиҳасини муҳокама қилишда муваффақиятга эришди, дея маълум қилди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров. У бу ҳақда 14 апрель куни Самарқандда МДҲ ташқи ишлар вазирлари ва Марказий Осиё-Россия форматидаги учрашувдан сўнг гапирди.

«Уч давлат — Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон, жумладан, президентлар ушбу кенг кўламли лойиҳани муҳокама қилишда фаол олдинга силжишди. Бу эса энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш имконини беради, албатта», — деди Россия ТИВ раҳбари.

«Фойда ҳамма учун бўлади, чунки газ етказиб берувчилар бор ва бу газга қизиқувчилар бор. Томонлар ҳам транзит шартлари, ҳам нарх шартлари бўйича келишиб олса, барча бундан қаноатланса, ҳамма ютади», — дея қўшимча қилди у.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил ноябрь ойи охирида Россия Ўзбекистон ва Қозоғистонга уч томонлама газ иттифоқини тузишни таклиф қилгани маълум бўлган эди. Шундан сўнг Россия томони «уч томонлама газ иттифоқи» тўғрисидаги таклиф сиёсий шартлар эвазига газ етказиб беришни назарда тутмаслигини, бироқ у тижорат манфаатларини мувофиқлаштириш ҳақида бўлишини билдирганди.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов декабрда Ўзбекистонда совуқ ҳаво бошланиши билан бошланган энергетика инқирози фонида Ўзбекистон газни «қандайдир иттифоқ ёки иттифоқ йўли билан эмас, балки қўшнилардан — тижорат шартномаси асосида импорт қилиш бўйича музокаралар олиб бораётгани»ни айтганди.

Январь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон Энергетика вазирлиги Россиянинг «Газпром» компанияси газ саноати соҳасида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни имзолаган.