Аctivist лойиҳаси муаллифи, блогер Ҳожиакбар Носиров судга адвокати киритган апелляция шикоятини кўрмасдан қолдиришни сўраб ариза ёзган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳожиакбар Носиров 5 апрель куни ўзининг Telegram каналига йогурт маҳсулотлари савдоси билан боғлиқ видео жойлаганидан сўнг, 15 суткага қамалганди.

Мазкур иш бўйича 2023 йил 14 апрель куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига Ҳожиакбар Носировнинг адвокат Сирожиддин Ишпулатов томонидан апелляция шикояти келиб тушган. Суд мажлиси 2023 йил 14 апрель соат 15:00 га тайинланган.

Лекин, Ҳожиакбар Носиров томонидан адвокатнинг шикоятини кўрмасдан қолдириш ҳақидаги ариза келтирилган. Шу сабаб суд Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324−4 (Апелляция шикоятини қайтариб олиш) ва 324−8-моддаларига (Апелляция инстанцияси судининг ваколатлари) асосан, апелляция шикоятини кўрмасдан қолдириб, апелляция тартибида иш юритишни тугатиш ҳақида қарор чиқарилди.