Аctivist лойиҳаси муаллифи, блогер Ҳожиакбар Носиров 5 апрель куни ўзининг Telegram каналига йогурт маҳсулотлари савдоси билан боғлиқ видео жойлаганди. Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси унинг 15 суткага қамалганини маълум қилди.

Гап шундаки, у жойлаган видеода савдо дўконларида сотилаётган турли йогурт маҳсулотлари таркибида кармин моддаси мавжудлиги сабабли ҳаром экани боис уларни истеъмол қилмаслик тавсия қилинган.

Ўтказилган текширув давомида Ҳожиакбар Носировнинг видеороликда келтирган маълумотлари «тегишли соҳа мутахассисларидан хулоса олмаган ҳолда ўз ташаббусига кўра шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда билдирилган», деб топилган.

«Конституциянинг 25-моддасига асосан ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик, шунингдек, 27-моддасига биноан шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон фуқароларининг юқоридаги кафолатларига монелик қилиш мумкин эмас. Айниқса, алоҳида шахсларнинг ўз ташаббуси орқали турли масалаларга диний тус бериш орқали ўзгаларнинг шахсий ҳаётга аралашишига йўл қўйилмайди», — дейилади хабарда.

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 35-моддасига биноан, тадбиркорлик фаолияти субъекти ўз ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотларга раддия берилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли. Бундай маълумотларга раддия берилиши билан бир қаторда уларнинг тарқатилиши оқибатида етказилган зарарнинг ўрни қопланишини ва маънавий зарар компенсация қилинишини талаб этишга ҳақли.

ИИББ, бундан ташқари, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунининг 10-моддасига биноан, мамлакат ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилишини эслатиб ўтди.

Ҳолат юзасидан ўтказилган текширув жараёнида унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184−3- (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) ва 194-моддаларига (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди томонидан блогерга нисбатан 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.