Олий таълим муассасаларининг талабалари таълим билан бирга ишлашига ва қўшимча даромад топишига имконият яратиш мақсадида уларга иккинчи курсдан бошлаб бўш вақтида ишлашига рухсат этилиши мумкин. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Ҳужжатга кўра:

  • талабалар иккинчи курсдан (айрим таълим йўналишларида иккинчи курсдан кейинги курслардан) бошлаб олий таълим муассасаси раҳбари томонидан берилган сертификат асосида мутахассислиги бўйича ўқишдан бўш вақтида ишлашига рухсат этилади.
  • ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиёти ва ҳақ тўланадиган стажировка ўтаётган талабаларни ишга қабул қилишда сертификат талаб қилинмайди;
  • талабаларни сертификат асосида мутахассислиги бўйича ишлашига фақат олий таълим муассасасида ўқиётган даврида рухсат этилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги икки ой муддатда:

  • талабаларга мутахассислиги бўйича ишлаш ҳуқуқини берувчи сертификат бериш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
  • сертификат бериладиган таълим йўналишлари рўйхати, сертификатни таълим йўналишлари бўйича қайси курсдан бошлаб берилиши, сертификатни беришда инобатга олинадиган ҳолатларни белгилайди.
  • тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мувофиқлаштирсин.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги олий таълим муассасалари талабаларини ўқиш даврида мутахассислиги бўйича ишлашини инобатга олиб, 2024 йилга қадар Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларининг классификаторини ҳамда малака даражаларига эришиш схемасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш чораларини кўради.

Мазкур қарор лойиҳаси regulation.gov.uz электрон порталига жойлаштирилган ва унга 27 апрелга қадар таклиф киритиш мумкин.