МТРК таркибида президентнинг 2012 йилдаги қарори билан ташкил этилган ва 2013 йил январдан фаолиятини бошлаган «Маданият ва маърифат» телеканали «Карвон» номи билан қайта ташкил этилиши кутилаётгани ҳақида хабар берилганди. Бу ўзгариш жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлгач, маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков телеканал номида ўзгариш бўлмаслигини маълум қилди.

«Ҳафта давомида трендга чиққан „Маданият ва маърифат“ телеканали атрофидаги фикр-мулоҳазалар миллатимиз зиёлилари, телеижодкорлар юрагида йиғилиб қолган дардларни ҳам ошкор қилди», — дейди вазир.

Шу муносабат билан у ўзи учун қуйидаги масалаларни алоҳида белгилаб олганини билдирди:

  • телеканал номини ўзгартирмаслик;
  • илмий-маърифий, адабий-бадиий лойиҳаларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш;
  • моддий-техник база масаласига ечим топиш;
  • меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш масаласини ҳал қилиш;
  • бадиий ва ҳужжатли фильмлар, умуман, барча жанрдаги медиамаҳсулотни эфирга узатишда лицензия билан боғлиқ масалалар.

Озодбек Назарбековнинг таъкидлашича, «бу ва бошқа ёндош масалалар босқичма-босқич ҳал этилиши лозим, бу жараёнларда эса бутун жамоа бирлашиши, баҳс-мунозара майдонида кўрсатган қатъиятини иш майдонида ҳам намоён этиши зарур».

Жараён тафсилотлари ва жамоатчилик муносабатини ушбу ҳавола орқали батафсил ўқиш мумкин.