Наманган вилоятида Malibu ҳайдовчиси 01 072 AAA сохта давлат рақамини ўрнатиб олган ҳолда ҳаракатланиб, бир нечта қоидабузарлик содир этди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Унга кўра, мазкур транспорт воситаси 22 мартга ўтар кечаси соат 00:51 да A-373 Наманган-Тошкент магистралининг Ангрен шаҳри ҳудудида Наманган вилояти томон ҳаракатланган.

Шу вақтда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128 прим 3-моддаси 3-қисмида (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ катталикда ошириб юбориши) кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этгани, шу куни соат 02:50 да Наманган шаҳри Давлатобод тумани ҳудудида, соат 03:09 да эса Наманган шаҳри Лола даҳасида жойлашган Қумқўрғон чорраҳасида юқоридаги каби қоидабузарликлар содир этгани кузатув камераларида қайд этилган.

Ўрганиш давомида мазкур давлат рақами белгиси билан аслида Hyundai Santa Fe автомобили рўйхатдан ўтказилгани, мазкур авторақамнинг асли ҳозирда ушбу машинага қадалган ҳолатда экани аниқланган.

Сохта рақам билан ҳаракатланган Malibu машинаси эгаси Наманган шаҳри «Қадамжо» маҳалласида яшовчи, 1994 йилда туғилган фуқаро экани аниқланди. Автомобилнинг асл рақами эса 01 A 215 AA бўлган. Ҳайдовчи сохта рақамни Москвада таниши орқали 30 долларга ясаттирганини маълум қилди.

Юқоридаги ҳолатлар, шунингдек, автомашина ҳужжатларини қалбакилаштириш билан боғлиқ ҳолатларга тўлиқ ҳуқуқий баҳо берилишини таъминлаш мақсадида Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Машина эса жарима майдонига жойлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Наманган шаҳрида 2023 йил бошидан бери 152 марта қоидабузарлик қайд этилган Hyundai аниқланганди. Жарималарнинг умумий суммаси 410 миллион сўмга тенг.