Бухоро вилояти Пешку туманида фуқаро қўшнисига тегишли эшакнинг қулоқларини кесиб ташлагани ва жонивор нобуд бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

Маълум бўлишича, 6 апрель куни соат 16:00 да 1985 йилда туғилган фуқаро У.А. қўшниси фуқаро Ж.Х.га тегишли эшакни томорқа ерига зарар етказгани сабабли жониворнинг икки қулоғини кесган, орадан вақт ўтиб, жонивор кўп қон йўқотиши оқибатида ўлган.

Ҳолат ижтимоий тармоқларда кескин танқидларга сабаб бўлди.

Қайд этилишича, 11 апрель куни жиноят ишлари бўйича Когон шаҳри судида У.А. (муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган, ишсиз)га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) билан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. Олий суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг маълум қилишича, фуқаро У.А. 15 суткага қамалди.

«Биринчи инстанция судининг қароридан норози томонлар белгиланган тартибда Бухоро вилояти судига апелляция шикояти, прокурор эса протест келтириши мумкин», — дейилади Олий суд ахборотида.

Аввалроқ Чироқчи туманида Тянь-Шань қўнғир айиғи ички ишлар бўлими бошлиғининг буйруғи билан «аҳоли хавфсизлиги учун» отиб ўлдирилгани, ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди.