Бухоро вилояти Пешку туманида фуқаро қўшнисига тегишли эшакнинг қулоқларини кесиб ташлади. Жонивор нобуд бўлган, деб хабар бермоқда вилоят ИИБ ахборот хизмати.

Маълум бўлишича, 6 апрель куни соат 16:00 да 1985 йилда туғилган фуқаро У.А. қўшниси фуқаро Ж.Х.га тегишли эшакни томорқа ерига зарар етказгани сабабли жониворнинг икки қулоғини кесган, орадан вақт ўтиб, жонивор кўп қон йўқотиши оқибатида ўлган.

Ҳозирда фуқаро У.А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси 2-қисми (Ҳайвонларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келадиган даражада шафқатсиз муносабатда бўлиш)да кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этгани бўйича тўпланган ҳужжатлар маъмурий тартибда чора кўриш учун Жиноят ишлари бўйича Пешку тумани судига юборилган.

Ушбу жиноятни содир этиш базавий ҳисоблаш миқдори (амалда — 300 минг сўм, 1 майдан 330 000 сўм)нинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.