Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган Наманганда ИИБ ходимлари ва махсус кучлари ҳомиладор аёлни калтаклашгани айтилаётган видео юзасидан муносабат билдирди.

Вазирликнинг маълум қилишича, видео жиноят содир этишда гумонланган шахс — Шерзод Умаровнинг қўлга олиш махсус тадбири жараёнида олинган. Унда фуқаронинг оила аъзолари ходимларга фаол қаршилик кўрсатилиши оқибатида гумонланувчи яширинишга муваффақ бўлган.

Гап шундаки, Наманган шаҳри Ўзбекистон кўчасидаги хонадонда яшовчи 1989 йилда туғилган Шерзод Умаров 1 апрель куни соат 23:30 атрофида шаҳарнинг Бобур боғидан вояга етмаган қизни такси сифатида уйига олиб бориб қўйишини айтган. Уни алдаб, номаълум манзилдаги хонадонга олиб борган ва зўрлик ишлатиб номусига тегган.

Эркакнинг жиноятга оид ҳаракатлари Бобур боғи ва атроф кўчалардаги кузатув камераларида акс этган. Шунингдек, ҳозирда жабрланувчининг кийимлари, баданидаги тан жароҳатлари ва зўрлик аломатлари юзасидан тегишли судга оид тиббий экспертизалар тайинланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, у 27 март куни соат 12:30 атрофида Наманган шаҳар Ёшлар мажмуаси ёнидаги чорраҳада велосипедда ҳаракатланиб кетаётган вақтида «ВАЗ-2106» автомашинасида кетаётган икки нафар ёш йигитни йўлини тўсганликларини баҳона қилиб, уларни уриб, дўппослаган ва воқеа жойидан яширинган. Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра фуқароларга «ўртача оғир тан жароҳати» ва «енгил тан жароҳати» етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳам гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

У «Эпилепция касаллиги билан боғлиқ шахсиятнинг чуқур бузилиши, бирламчи генерализациялашган талваса хуружлари» ташхиси билан Наманган вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонаси 3-мажбурий даволаш бўлимида назоратда туради. Муқаддам:

  • 2006 йилда Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «а» банди билан;
  • 2007 йилда Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 3-қисми «а» банди билан;
  • 2008 йилда Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисми «в» банди, 227-моддаси 2-қисми «а» банди билан;
  • 2013 йилда Жиноят кодексининг 118-моддаси 2-қисми «в,г» банди, 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 2-қисми «в,г» банди, 164-моддаси (Босқинчилик) 3-қисми «а,в»банди, 166-моддаси (Талончилик) 2-қисми «в» банди, 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) 2-қисми «а» банди, 118-моддаси 3-қисми «а» банди, 277-моддаси 2-қисми «в,б» банди, 127-моддаси (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) 2-қисми «а» банди билан;
  • 2021 йилда Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми «в,е,л» бандлари билан судланган.

«Суратдаги фуқаро руҳий хасталиги ҳамда ниҳоятда тажовузкор эканлигини инобатга олиб, уни учратган шахслардан эҳтиёт бўлишларини ҳамда дарҳол 102 қисқа рақамига ёки яқин атрофдаги ҳуқуқ тартибот орган ходимларига хабар беришларини сўраймиз», — дейилади вазирлик хабарида.