Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳри ҳокими Музаффар Солиев лавозимидан озод этилди, деб хабар қилди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Бу ҳақдаги қарор 7 апрель, жума куни халқ депутатлари кенгаши сессиясида қабул қилинди. Ҳокимнинг биринчи ўринбосари вақтинчалик лавозимга тайинланди.

Кун.уз манбасига таяниб хабар беришича, Солиев уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири лавозимида ишлаган вақтидаги ҳолат билан боғлиқ иш бўйича терговга жалб этилган бўлиши мумкин.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Музаффар Солиев 2017 йил 5 июлдан 2021 йил январигача уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири лавозимида ишлаб келган. Президент уни «ишда йўл қўйган хато-камчиликлари, берилган огоҳлантиришлардан тегишли хулоса чиқармагани» учун ишдан бўшатганди. Солиев 2021 йил 15 январдан Нурафшон ҳокими лавозимида ишлаб келаётганди.