Тошкентлик эркак онаси учун аёл шифокорларни юборишни сўраб фельдшерга таҳдид қилгани ҳақида хабар берилганди. Пойтахт ИИББ ҳолат бўйича қўшимча маълумот берди.

Қайд этилишича, 1 апрель куни 1990 йилда туғилган Н.Х. онасининг саломатлиги ёмонлашгани сабабли тез тиббий ёрдам хизматига қўнғироқ қилиб, хабарни қабул қилган диспетчер — 1998 йилда туғилган Злата Гафуровадан фақат аёл тиббиёт ходимларини юборишини сўраган.

Диспетчер тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ички қоидаларда бундай талаб белгиланмаганини маълум қилиб, шу вақтда бўш аёл шифокорлар бригадаси бўлмагани сабабли биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун энг яқин бригадани юборган. Фуқаро манзилга етиб борган бригадада эркак шифокорларни кўриб, уларни уйга киритмай, норозилик билдирган ҳамда телефон орқали диспетчерни ҳақорат қилган.

Ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан фуқаро Н.Х.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар якуний қарор қабул қилиш учун судга юборилди.