Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов пойтахтдаги кўчалар, туннеллар ва метро бекатларини сув босгани юзасидан фикр билдирди, деб хабар бермоқда Kun.uz нашри.

Ҳоким в.б. шаҳар дренаж тизимида юзага келаётган муаммоларни ўзи ўрганиб чиққанини маълум қилди.

«Дренаж тизимини ўргандим. Ўзимиздан ҳам айб қидирайлик, 20−30 фоиз дренажларни фуқароларнинг ўзи уй қуриш жараёнида ёпиб юборган. Биз бу нарсаларни ўрганиб, аниқлаб бўлдик. Ҳозир мазкур тизимни энди қандай тиклаймиз, қонунбузилишига йўл қўйган инсонларга қандай чора кўрилади? Бу — давлат мулки. Нимага сув тошди? Биринчидан, асфальт бўлиб ётибди, сув шимилмади. Одамлар уй қуряпти, қурмаса ҳам тўсқинлик бўлаётганини ёзади. Шароит қилиб берилишини талаб қилишади. Лекин аҳолимиз қурилиш маданиятига риоя қилган ҳолда қуриши керак-ку, ернинг остидан ўтган нарсаларни ёпиб ташлаши керакмас-ку. Бу борада тадбиркорларнинг ҳам, аҳолининг ҳам сонини аниқлаб, маълум қиламиз», — деди Шавкат Умурзоқов.

Davletovuz канали муаллифи Қобил Хидиров эса «давлат хизматчилари учун олтин қоида халқни айбламаслик бўлиши кераклиги» ҳақида ёзди.

«Барча давлат хизматчилари учун олтин қоида — бу халқни айбламаслик, давлат ўз вазифасини уддалай олмаганида одамларни айбдор қилмаслик бўлиши керак. Одамларни айбдор деб биладиган амалдорнинг ё дунёқараши нотўғри, ё амали. Халқ айбдор эмас. Балки давлат ўзининг функциясини бажара олмаётганида, давлатсизликда. Янги ҳокимимиздан ҳам шуни сўраб қолган бўлар эдик», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, 2 апрелда Тошкентда кучли ёғингарчилик кузатилиб, шаҳар кўчалари, туннеллар ва ҳатто метро бекатларини сув босганди. Ҳокимлик ҳолатга муносабат билдириб, буни «лотоклар бир пайтнинг ўзида бундай катта оқимни қабул қилишга мўлжалланмагани» билан изоҳлаган.

2022 йил 2 ноябрда ҳам кун давомида ёмғир ёғиши оқибатида Тошкентнинг айрим кўчаларида сув тошиши кузатилганди. Ўшанда шаҳар ҳокимлиги ушбу тошқинларга ягона сабаб сифатида йул ва ариқларга ташланган чиқиндилар эканини маълум қилган.

16 ноябрь куни ҳам пойтахтда ёғингарчилик кузатилган. Ариқларда сув тўпланиб, йўл ёқасида кўлмаклар ҳосил бўлган.

Шундан сўнг шаҳарнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт Ободонлаштириш бош бошқармаси бошқарувчиси Анвар Умаровга бошқарма «балансида бўлган техниклардан самарали фойдаланмагани ва ишда йўл қўяётган камчиликлари» учун ҳайфсан берган.