2 апрель куни 2 соат давомида кузатилган кучли ёғингарчилик оқибатида 20 мм ёмғир ёғди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳри ҳокимлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, бу миқдор апрель ойи учун белгиланган умумий меъёрнинг, яъни 60 мм нинг учдан бир қисмига тенг.

Тошкент шаҳридаги лотокларнинг ўртача диаметри 300 мм га тенг. Улар ёғингарчилик сувларини коллекторлар ва каналларга етказади.

«Лотоклар бир пайтнинг ўзида бундай катта оқимни қабул қилишга мўлжалланмагани боис шаҳримиздаги бир неча манзилгоҳларда сув тўпланиши кузатилди», — дея таъкидлади ҳокимлик.

Ҳолатни бартараф этиш мақсадида шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси ва унинг туман бошқармалари, коммунал соҳа тизимлари, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Ички ишлар бош бошқармасининг 500 дан ортиқ ходими ва 100 дан ортиқ махсус техника жалб этилиб, 23:00 гача барча манзиллардаги ҳолатлар бартараф этилгани маълум қилинди.

Маълумот учун, жала ортидан шаҳар кўчалари, туннеллар ва ҳатто метро бекатларини сув босган.

Ўзгидромет ходими Эркин Абдулахатов ҳолат ҳақида пост қолдирди.

Мутахассисга кўра, чақмоқ-момақалдироқли ёғинлар жуда ҳам нотекис тақсимланади. 2 апрелда ҳам Тошкентда ҳаттоки жуда ҳам кам ёмғир кузатилган жойлар билан бир қаторда 22 мм дан кўп ёғин кузатилган жойлар ҳам бўлган. Унинг таъкидлашича, шу куни пойтахтда кузатувлар тарихида энг кўп ёғин кузатилмаган.

«Қурилиш норматив ҳужжатлари бўйича барча инфраструктураларни барпо этишда жойда кузатилган энг кўп ёғин қийматлари инобатга олиниб, қурилиш лойиҳалари ишлаб чиқилади. Дренаж, ирригация тизимлари шунга монанд танланади. Шунда кечаги пойтахтдаги каби нохуш оқибатлар рўй бермайди», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 2 ноябрда кун давомида ёмғир ёғиши оқибатида Тошкентнинг айрим кўчаларида сув тошиши кузатилганди. Ўшанда шаҳар ҳокимлиги ушбу тошқинларга ягона сабаб сифатида йул ва ариқларга ташланган чиқиндилар эканини маълум қилган.

16 ноябрь куни ҳам пойтахтда ёғингарчилик кузатилган. Ариқларда сув тўпланиб, йўл ёқасида кўлмаклар ҳосил бўлган.

Шундан сўнг шаҳарнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт Ободонлаштириш бош бошқармаси бошқарувчиси Анвар Умаровга бошқарма «балансида бўлган техниклардан самарали фойдаланмагани ва ишда йўл қўяётган камчиликлари» учун ҳайфсан берган.