Февралда Туркияда содир бўлган даҳшатли зилзилалар ва март ойида ўзбекистонликларга ҳам сезилган Афғонистон ва Тожикистондаги ерости силкинишлари аҳолининг ушбу табиат ҳодисасидан қўрқувини кучайтирди. Бўлажак кучли зилзилалар ҳақидаги ёлғон ахборотлар эса аҳолининг хавотирини баттар кучайтирмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва сейсмологлар томонидан берилаётган раддияларга қарамай, бундай миш-мишлар барибир тарқалмоқда.

«Газета.uz» мухбири Жаҳонгир Азимов Сейсмология институти олимлари — физика-математика фанлари номзоди Алишер Иброҳимов ва физика-математика фанлари доктори Аҳмаджон Тўйчиев билан суҳбатлашиб, улардан нима афсонаю ва нима ҳақиқат эканини сўраб билди.

Баёнот: Ер «ёрилиб», бинолар ва одамларни ютиб юборади

А.И.: Тарихда ер ёрилиб, унинг ичига бинолар қулаши каби ҳолатлар кузатилмаган. Тўғри, 1985 йилги даҳшатли Мехико зилзиласида айрим биноларнинг биринчи қаватлари ерга ботиб қолган. Бироқ бунда Мексика пойтахти қуриган кўлнинг тубида қурилганини, шаҳар тупроғи майда дисперсли қумдан иборат эканини ҳам ҳисобга олиш керак.

Сейсмологияда тупроқнинг сейсмик суюқланиши деган тушунча мавжуд. Бу шундай тушунтириш мумкин: агар тоғорани қум билан тўлдириб, ичига тош қўйиб, тоғора силкитилса, тош қумга ботиб кетади. Мехикодаги кўп қаватли биноларнинг биринчи қаватлари ҳам, худди тоғорадаги тош каби, қумга кириб кетган, аммо бу ҳодиса ёрилиш зонасида содир бўлмаган.

A.T.: Айтайлик, бинонинг кенглиги 20 метр. Ер қобиғи 20 метрга очилиб, бинони ютиб юборган ҳолат тарихда бўлмаган.

Баёнот: Биринчи зилзиладан кейин албатта иккинчи — кучлироқ зилзила бўлади.

A.T.: Сейсмология тарихида бундай ҳолатлар кузатилган. Баъзи катта зилзилалар олдидан кичикроқ магнитудага эга зилзилалар бўлган. Сейсмологияда бу форшок дейилади. Кучли зилзиладан олдин айрим ҳудудларда кичик зилзилалар сони ортиши мумкин.

Тасаввур қилинг, плиталарнинг бир-бирига нисбатан ҳаракати бор, катта миқдордаги таранг энергия тўпланади. Зилзила ўчоқлари юзага келишининг охирги босқичида ер қобиғида кичик ёрилишлар содир бўлади. Бу сезиларли зилзила шаклида намоён бўлади, унинг кетидан эса асосий зилзила юз беради.

зилзила, сейсмология институти

2023 йил март ойи охирларида Тожикистонда юз берган зилзила оқибатлари. Фото: Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳокимлиги

А.И.: Ҳар доим бундай бўлмайди. Шуни тушуниш керакки, зилзилалар — тектоник плиталар ҳаракати маҳсулидир. Масалан, [шундай ҳаракатлар натижасида] тоғлар ҳосил бўлади.

Зилзила қанчалик кучли бўлса, у шунчалик узоқроқ вақт «тайёрланади». Бундай тайёргарлик махсус қурилмалар томонидан қайд этиладиган, лекин одамлар сезмайдиган тектоник плиталарнинг ишқаланиши ҳисобидан амалга ошади. Бундай микрозилзилалар натижасида бўлажак сейсмик фаоллик ўчоғида энергия отилиб чиқади. Шундай қилиб, 7−7,5 магнитудали зилзилалар 20−25 йил давомида «тайёрланади».

Аммо қисқа вақтда содир бўладиган кетма-кет икки кучли зилзиланинг ўчоғи битта бўлмайди. Бироқ афтершоклар бўлиши мумкин. Бу бир қатор сейсмик тўлқинларнинг асосий зилзиладан кейин ҳосил бўладиган энергияни чиқариши ҳодисасидир. Туркияда яқинда рўй берган зилзиладан сўнг мингдан ортиқ афтершоклар содир бўлди.

Баёнот: Кучсиз зилзилалар вайронкорларидан қутқариши мумкин

A.T.: Сейсмик сукунат деган тушунча бор — бу қайсидир ҳудудда узоқ вақт давомида зилзилалар содир бўлмаслигидир. Бундай ҳодиса сейсмик энергиянинг тўпланаётганидан — кучлироқ зилзилаларга «тайёргарлик» кўрилаётганидан дарак бериши мумкин. Кичик зилзилалар тўпланган энергиянинг кучланишини енгиллаштириши мумкин, деган назария мавжуд. Аммо бу назария алоҳида ҳолатларда қўлланилиши керак ва уни умумлаштириш мумкин эмас.

А.И.: Ҳақиқатан ҳам шундай назария бор, лекин унга кўп ҳам таяниб юбормаслик керак, чунки кучли зилзилалар вақти катта миқдорда энергия ажралиб чиқади. Тўпланган бунча энергиянинг кучсиз фаоллик билан чиқиб кетиши учун 10−15 мингта кичик зилзила керак бўлади.

Баёнот: Барча зилзилаларни олдиндан айтиш мумкин

А. Т.: Унчалик эмас. Институтимиз олдига сейсмик хавфни баҳолаш ва районлаштиришнинг илмий асосларини, зилзилаларни прогноз қилиш усулларини ишлаб чиқиш асосий вазифа қилиб қўйилган. Яъни Сейсмология институти сейсмологиянинг фундаментал ва амалий муаммоларини ҳал қилиш билан шуғулланади.

Зилзилаларни башорат қилиш масаласида маълум бир муваффақиятлар бор: зилзила ўчоқларининг ҳосил бўлиш жараёнида ернинг физик майдонларида, ерости сувларининг кимёвий ва газ таркибида белги берувчи ўзгаришлар мавжудлиги аниқланган. Ушбу белги берувчи ўзгаришларнинг намоён бўлиш хусусиятлари аниқланган. 1978 йилги Олой зилзиласи, 1982 ва 1984 йиллардаги Чимён ва Поп зилзилалари олдиндан башорат қилинган. Бу башоратларнинг барчаси илмий хусусиятга эга эди.

Ҳозир жаҳон сейсмологиясида зилзилани 100 фоиз аниқлик билан башорат қилишнинг бирор бир усули йўқ. Муаммо шундаки, зилзила ўчоқларининг юзага келиш жараёнлари Ернинг чуқур тубида содир бўлади. Уларни Ер юзасидан бевосита кузатиш имкони йўқ. Шунинг учун олимлар зилзила ўчоқларининг юзага келиши жараёнларининг хусусиятларини ернинг физик майдонларида кузатиб, ўрганади.

зилзила, сейсмология институти

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»

Прогноз хулосаларнинг самарадорлиги, хусусан, ташкил этилган сейсмопрогностик мониторинг тармоқ ва махсус ускуналарнинг сифатига ҳам боғлиқ. Масалан, 5 магнитудали зилзилани башорат қилиш учун станциялар орасидаги масофа 40−50 км бўлиши керак. Магнитуда қанчалик катта бўлса, станциялар орасидаги масофа ҳам шунчалик узоқ бўлиши керак.

Магнитуда балларда ўлчанадими?

A.И.: Йўқ. Магнитуда — ўлчовсиз катталик. У билан зилзила вақти ўчоқдан чиққан энергия ҳажми белгиланади.

Балларда эса ер сатҳидаги силкиниш кучи ўлчанади. Зилзила магнитудаси Рихтер шкаласи бўйича 1 дан 9,5 гача (балл эмас) бўлиши мумкин. Интенсивлик (куч) эса 12 баллик MSK-64 шкаласи ёрдамида ўлчанади.

Баёнот: Кучли зилзилалар кечаси ёки эрта тонгда содир бўлади

А.И.: Табиатга фарқи йўқ. Зилзилалар тунда яхшироқ сезилади, чунки бу вақтда одамлар кундузидаги каби фаол эмас.

Баёнот: Зилзилалар қишдан кўра баҳорда тез-тез юз беради

A.T.: Йўқ, бу исботланган ҳодиса эмас. Буни тасдиқлайдиган ҳеч қандай статистик далил йўқ.

Баёнот: Зилзила пайти яшириниш учун энг яхши жой — эшик оралиғи

А.И.: Бу ҳақиқат. Эшик оралиғида, хона бурчакларида ёки стол остида сақланган яхшироқ.

Баёнот: Фавқулодда вазиятларда кўп қаватли уйлар аҳолиси кўчага югуриб чиққани маъқул

A.И.: Йўқ. Зинапоялар — энг заиф жой. Зилзила вақти биринчи навбатда улар қулайди.

Баёнот: Ҳайвонлар зилзилани олдиндан сеза олишади

А.И.: Агар улар ерда бўлса. Ушбу назарияга кўра, ҳайвонлар микротовушли тебранишларни ҳис қила олишади.

Баёнот: Ўзбекистондаги сўнгги зилзилалар Туркиядаги зилзилалар туфайли содир бўлган

A.И.: Йўқ. Бу ҳодисалар бир-бири билан боғлиқ эмас. Ўзбекистон Ҳиндистон ва Араб плиталари билан ўзаро алоқада бўлган Евроосиё плитасида жойлашган. Туркия эса Онадўли плитасида жойлашган — бу бошқа сейсмологик зона.