Таркибида кармин моддаси мавжудлиги сабабли айрим йогуртлар ҳаром эканини айтиб чиққан Аctivist лойиҳаси муаллифи Ҳожиакбар Носиров 15 суткага қамалгани хабар қилинганди. Тошкент шаҳар судлари ўтказилган суд тафсилотлари борасида маълумот берди.

8 апрель куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида блогер Ҳожиакбар Носиров (1997 йилда Тошкентда туғилган, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган)га нисбатан юритилган маъмурий иш кўриб чиқилган.

Шайхонтоҳур тумани ИИО ходимлари томонидан Тошкентда «диний муҳитни соғломлаштириш борасида» олиб борилаётган ижтимоий тармоқларда мониторинг тадбирлари давомида Ҳожиакбар Носиров Тelеgrаm`даги каналида Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 апрелдаги 18−660-сонли хулосасига асосан аҳоли орасида турли ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ғояларни тарқатгани аниқланган.

Суд хабарига кўра, блогер ИИО ходимларининг ҳужжатларини текшириш учун тақдим этиш, тушунтириш бериш ва иш ҳужжатлари билан танишиб чиқиш каби қонуний талабларига бўйсунмаган.

«Суд мажлисида блогер тариқасида сўроқ қилиш учун Ҳ. Н. га сўз берилганида, ҳуқуқбузар ва унинг ҳимоячиси ҳолат юзасидан кўрсатма беришдан бош тортди», — дейилади хабарда.

«Ҳожиакбар Носиров кўрсатма беришдан бош тортган бўлса-да, унинг юқоридаги ҳуқуқбузарликларни содир этган иш ҳужжатларидаги ИИО ФМБ ходимининг билдиргиси, далолатнома, кўздан кечириш ва электрон материалларни олиш баённомаси, Тelеgrаm мессенжеридаги Activist каналидан олинган фотолавҳалар, DVD-R дискидаги видеолавҳалар, ашёвий далилларни олиш баённомаси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертлик хулосаси ва бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топди», — дейилади Тошкент шаҳар судлари хабарида.

Суд қарори билан у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184−3-моддаси (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми бўйича тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, унга шу кодекснинг 34-моддаси тартибида 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Таъкидланишича, ушбу қарор устидан қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти ёки протест берилиши мумкин.

Аслида кармин E20 моддаси ҳаромми?

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво маркази блогер ҳаром деб айтган кармин моддаси бўйича изоҳ берди. Қайд этилишича, у қизил рангли бўёқ модда бўлиб, Е120 рақами остида озиқ-овқат қўшимчалари сифатида фойдаланилади. Ушбу модда ярим қаттиқ қанотлилар гуруҳига мансуб бўлган кошенил ҳашаротидан олинади.

«Тўрт мазҳаб уламоларининг наздида чигирткадан бошқа ҳашаротларни истеъмол қилиш қатъий ман қилинган. Лекин ҳашаротлардан олинадиган моддалар, шу жумладан кармин Е120 моддаси ҳам муайян кимёвий жараён ва усуллардан ўтиши билан ҳолати ўзгариши соҳа мутахассислари ва уламоларимиз томонидан айтилган» — дейилади хабарда.

«Ҳашаротлардан олинадиган моддалар кимёвий йўллар билан бошқа моддага айланади. Бу жараённи Ислом шариатида „истиҳола“ — бир модданинг бошқасига ўзгариши дейилади. Натижада нажосат ва нопок бўлган нарсалар ўз сифатларини йўқотиб, бошқа нарсага айланади. Шариат (бирор нарсанинг) нажосат бўлишини муайян моҳиятга боғлаган. Нажосатнинг баъзи сифатлари йўқолиши билан нажосатлик моҳияти ҳам йўқолади. Агар нажосатнинг барча сифатлари йўқолса, нажосатлик моҳияти ҳам тўлиқ йўқолган бўлади», — дейилади Фатво маркази изоҳида.

Таъкидланишича, кармин моддаси ҳақида Фатволар ва тадқиқотлар бўйича Европа кенгаши ўзининг 19-сонли фатвосида қуйидагича қарор қилган: «Carmine E120 моддаси, гарчи келиб чиқиши ҳайвонлардан бўлса ҳам, кимёвий ишловдан ўтади, натижада ўз тузилишини ўзгартиради ҳамда асл хусусиятларини йўқотади».

«Демак, юқоридагилардан кармин E120 моддаси қўшилган маҳсулотларни истеъмол қилиш жоиз экани маълум бўлмоқда. Лекин ушбу фатволар уламолар томонидан эълон қилинган бўлса-да, замонамиздаги айрим аҳли илмлардан мазкур масалада эҳтиёт йўлини тутишни тавсия этганлари ҳам бор», — дейилади хабарда.

Фато маркази хулосасига кўра, рухсат бериб қўйилган тарафни олиб, баъзи бир одамлар кармин моддаси қўшилган маҳсулотни истеъмол қилса, тақво ва эҳтиёт йўлини тутганлар уларни маломат қилмасликлари керак бўлади.