Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 6 апрель куни аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича қонунни маъқуллади. Сенат раиси Танзила Нарбаева парламент юқори палатаси ялпи мажлисида сўзга чиқиб, буни узоқ кутилган ва илғор, деб атади ва уни қабул қилишдаги қийинчиликларни қайд этди.

«Болалар ва аёлларга нисбатан зўравонлик масаласининг бугун қанчалик долзарб эканини, ўйлайманки, ортиқча изоҳлаш, асослашга ҳожат йўқ. Шундай бўлса-да, олиб борилган кенг кўламли таҳлилнинг айрим маълумотларига эътиборингизни қаратмоқчиман», — деди у.

У берган маълумотларга кўра, 2021−2022 йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга аёллар ва қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари юзасидан 72 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган, уларнинг қарийб 61 мингдан кўпи ёки қарийб 85 фоизи оилада содир этилган.

«Афсуски, шу кунгача Ўзбекистонда оиладаги зўравонлик бўйича жавобгарликка тортувчи алоҳида норма бўлмаган», — деди Сенат раҳбари.

Унинг таъкидлашича, 2020 йилда 156 та, 2021 йил 243 та номусга тегиш жинояти содир этилган.

«[Тошкент шаҳри] Янгихаёт туманидаги 12 ёшли қизнинг зўрланиши ва ўлдирилиши, Хоразмдаги болалар уйи (у ерда уч нафар қиз мансабдор шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурланган — таҳр.), Сергели туманида она уч фарзанди билан юқори қаватдан сакраши…», — дея санаб ўтди Танзила Нарбаева.

«Хулоса шуки, жамиятимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган ҳамда вояга етмаган фарзандларимизга нисбатан зўравонлик ҳолатларига қарши турадиган янада мустаҳкам ва қатъий қонунларга эҳтиёж бор», — дейди у.

«Бугун биз аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунни тасдиқладик. Қонун устида иш йил давомида давом етди, қийинчиликлар ва қарама-қаршиликлар бўлди. Ишонч билан айта оламанки, қонунимиз илғор ва халқаро стандартларга жавоб беради», — деди Сенат раиси.

«Қонун билан оиладаги зўравонлик ҳолатларини криминаллаштириш назарда тутилган. Aёлларни жинсий зўравонлик ва таъқиб қилиш учун жавобгарлик белгиланади», — деди Танзила Нарбаева.

«Безорилик ва зўравонлик қурбонига нисбатан жиноят ишлари бўйича суд томонидан 1 йилдан кўп бўлмаган муддатга ҳимоя ордери берилиши белгиланди. Ҳимоя ордери билан қўшимча чеклов турлари ҳам жорий этилади», — деди у.

Бундан буён жинсий зўравонлик, шу жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жазони муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш мумкин эмас.

Эндиликда вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик қўллаган ҳолда содир этилган жиноят оғир деб ҳисобланади. Айбланувчининг жабрланувчининг ёшини бундан буён билмаслиги уни жавобгарликдан озод этмайди.

Вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга болалар билан ишлаш тақиқланади. Ушбу турдаги жиноятларни содир этган шахслар рўйхатини (реестрини) жорий этиш тартиби белгиланмоқда, деди сенатор.

Танзила Нарбаева аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишнинг ягона йўли қонун ва масъулиятни кучайтириш бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.

«Бу нормалар одамларнинг тафаккури ва хотираси билан бирга юрагидан ҳам жой олиши керак. Катта-кичик, аёл-эркак бўлсин — инсонга, шахсга нисбатан зўравонлик қилиш, уни таҳқирлаш, ҳақ-ҳуқуқини поймол қилиш асло тоқат қилиб бўлмайдиган ҳолат, оғир жиноят экани одамларнинг онгига чуқур ўрнашсагина натижа кутилганидек бўлади», — деди Танзила Нарбаева.

Унинг қўшимча қилишича, бу нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ёки таълим муассасаларининг иши, балки «Бу бизнинг умумий вазифамиз бўлиши керак».

Танзила Нарбаева Олий судга аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар бўйича суд амалиётини умумлаштириш бўйича тавсия берилганини маълум қилди. Шунингдек, у Олий суд янги ўзгартишларни суд амалиётида тўғри қўллашга қаратилган пленум қарорини қабул қилиши зарурлигини таъкидлади.

Сенат раҳбари Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига оилада аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш, суриштирув ва тергов ҳаракатларини ўтказишда қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш борасидаги ишларни фаоллаштириш бўйича топшириқлар берди.

Танзила Нарбаева нутқи сўнгида қонун лойиҳаси устида ишлаган Сенат ҳузуридаги ишчи гуруҳ аъзолари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ва барча бефарқ бўлмаган фуқароларга ўз миннатдорлигини билдирди.