Сирдарё вилояти саноат, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, таълим ва тиббиёт соҳаларида «илғор инновациялар ҳудуди»га айланиши керак. Бу ҳақда жума куни у ерга хизмат сафари билан борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев вилоят халқ депутатлари кенгаши сессиясида айтиб ўтди.

«Инновацион ҳудудда ҳоким, вилоят, туман раҳбарлари аҳоли ва тадбиркорларга шароит яратиш бўйича ҳар куни янгиликка интилиши, дунёқараши ва ёндашувлари ўзгариши керак», — дея иқтибос келтирди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

«Вилоятни инновацион ҳудудга айлантириш учун қайси давлат тажрибасини олиб келиш бўйича кўп ўйладик. Тан олиш керак, охирги йилларда Хитой саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим ва тиббиётда мисли кўрилмаган ютуқларга эришди. Хитойнинг илм, инновация, муҳандислик, электротехника, робототехника ва IT йўналишларида тажрибаси катта. Энг асосийси, Хитой бизга транспорт-логистика жиҳатидан энг яқин йирик бозорлардан бири», — деди президент.

Қайд этилишича, хитойлик инвесторларнинг ҳам вилоятга қизиқишлари катта. Охирги олти йилда хитойлик инвесторлар билан бирга Ширин шаҳри, Мирзаобод ва Сирдарё туманларида 60 дан ортиқ йирик саноат корхоналари иш бошлаган. Вилоятга 2022 йилнинг ўзида 250 миллион доллардан зиёд Хитой инвестициялари жалб қилинган. Бу вилоят инвестициясининг деярли 90 фоизига тенг.

«Шу боис Сирдарёда барча соҳаларни ривожлантиришда Хитой тажрибасига таянишимиз лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.