1 майдан бошлаб «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган Ўзбекистон фуқаролари бир қатор истеъмол товарларини харид қилишда ҚҚС тўловини қайтариб олишлари мумкин бўлади. Бу президентнинг 5 апрелдаги қарорида кўзда тутилган.

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган жисмоний шахслар қуйидаги рўйхатга мувофиқ товарларнинг чакана савдо объектларида харидини амалга оширганда харид суммасининг 1 фоизи миқдоридаги тўлов ўрнига, харид суммасида тўланган ҚҚС суммаси қайтарилади.

Солиқ қўмитасининг тушунтиришича, ҚҚСни қайтариб олиш учун «Ижтимоий ҳимоя ягона реэстри»даги истеъмолчи Soliq мобил иловасини юклаб олиб, Face ID орқали рўйхатдан ўтиши ҳамда иловада харид чекининг QR-кодини сканер қилиши лозим.

ҚҚСни қайтаришда сотиб олинган маҳсулотнинг:

  • ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар рўйхатига кирганлиги;
  • харидор «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» да эканлиги;
  • тадбиркор ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтганлиги инобатга олинади.

Агар реестрдаги истеъмолчи ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар билан бирга бошқа турдаги маҳсулотларни харид қилиб чекни рўйхатдан ўтказганда ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар учун 12%, бошқа турдаги маҳсулотлар учун 1% кешбекка эга бўлади.

ҚҚС тўловчиси бўлмаган тадбиркорлик субъектидан ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар сотиб олганда, 1% кешбек қайтарилади.

ҚҚС суммаси чек рўйхатдан ўтказилган ойдан кейин ойнинг 25-санасидан сўнг Soliq мобил иловаси орқали тўлаб берилади.

2022 йил ёзида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов ҚҚС бўйича имтиёзлар «ҳеч қандай» самара бермаслиги, уларни узайтириш иқтисодиётга зарар етказишини айтган эди. Шунингдек, у гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига ҚҚСнинг нолга тенглаштирилгани сабабли умумий овқатланиш соҳасида солиқ занжиридаги узилишларни тан олди. Ўшанда Дилшод Султонов янада манзилли ҚҚС имтиёзлари ишлаб чиқилишини эълон қилганди.

Вазир ўринбосари яқинда «Газета.uz»га берган интервьюсида табақалаштирилган ставкаларни белгилаш ёки ҚҚСдан озод қилиш товар (хизмат) таннархини пасайтириш учун самарасиз чора эканлигини, чунки улардан кўпроқ катта миқдорда истеъмол қилувчилар фойда кўришини маълум қилган эди.

«Бой фуқаролар кам даромадли фуқароларга қараганда кўпроқ истеъмол қилишлари сабабли, улар ҚҚС бўйича имтиёзлардан фойдаланишади», — дея таъкидлади у.

Унинг сўзларига кўра, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ҚҚСдан озод қилиш йўли билан эмас, балки компенсация тўлаш йўли билан манзилли ёрдам кўрсатиш уларни қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмларидан бири ҳисобланади.