12 октябрь куни президент [ПҚ-392-сон] «Саноат ишлаб чиқаришида хомашё узлуксизлигини таъминлаш бўйича қўшимча қулайликларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди. Бу хақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қарорга мувофиқ, 2025 йилнинг 1 январига қадар хомашё ва ярим тайёр маҳсулотларга импорт божхона божи ноль ставкада қўлланилади.

Шунингдек, «божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режими доирасида барча ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловлари тўланишини таъминлаш талаби бекор қилинади.

Шу билан бирга 2023 йил 1 январдан бошлаб:

  • асбоб-ускуналар сотиб олиш (сотиш) бўйича шартномада монтаж ва ишга тушириш-созлаш хизматлари, ходимларни ўқитиш хизматлари ва бошқа хизматлар қиймати кўрсатилмаган ҳолларда бозор қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади;
  • мазкур хизматларни кўрсатганлик учун норезидентнинг солиқ солинадиган даромадини шартнома қийматининг 20 фоизига тенг деб ҳисоблашнинг амалдаги тартиби бекор қилинади.

Ушбу вазифалар ижросини назорат қилиш Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига юклатилди.

Маълумот учун, ўтган йилнинг октябрь ойида президент қарори билан 82 турдаги хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотлар импорт божхона божидан озод қилинганди.