«Ўзкимёсаноат» ва Давлат активларини бошқариш агентлиги Испаниянинг Maxam корпорацияси Ўзбекистон кимё саноатидаги қўшма корхона бўйича узоқ давом этган низо юзасидан халқаро арбитраж ишини бошлагани ҳақидаги хабарга изоҳ берди.

Хусусан, Eurasianet нашрининг хабар беришича, кончилик ва қурилиш саноати учун портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи Maxam шу йилнинг март ойида Лондонда судга даъво аризаси билан мурожаат қилган. Ўзаро келишмовчиликлар Maxam`нинг Ўзбекистондаги минерал ўғитлар ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик корхоналардан бири бўлган «Максам-Чирчиқ»даги улушига тегишли. Ҳамкор — «Ўзкимёсаноат» давлат компанияси.

«„Ўзкимёсаноат“ акциядорлик жамияти ва Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонлар ўртасида ўтказилган музокараларга қарамай, воситачилик учун дастлабки шартларсиз Maxamcorp`нинг арбитраж даъволари киритганлиги тўғрисидаги билдиришномаларни олганидан ҳайратда ва компанияга нисбатан ҳафсаласи пир бўлганлигини маълум қилади», — дейилади хабарда.

Ҳақиқатдан ҳам, Maxamcorp International S. L. испан компанияси 2007 йилда «Ўзкимёсаноат» билан биргаликда 2 та қўшма корхона — «Максам-Чирчиқ» ва «Аммофос-Максам»ларни ташкил этган.

Қабул қилинган мажбуриятларга қарамай, Maxam компанияси инвестицияларни жалб қилиш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган ва ҳозирда уларни бажаришдан бош тортмоқда, дейилади хабарда.

Ўз навбатида, «Ўзкимёсаноат» АЖ ва агентлик Maxam компаниясининг шартнома муносабатларини бузганлик ҳақидаги асоссиз айбловларини қатъиян рад этади.

«Икки қўшма корхона қарийб ўн беш йилдан буён муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда. Maxam томонидан қўзғатилган даъволар шартнома мажбуриятларини бузганликларини яшириш ва нотўғри бошқарув, самарасизлик, сармоя киритмаслик ва Ўзбекистон қонунчилигига риоя қилмаслик учун жавобгарликдан қочишдан бошқа нарса эмас», — дея қайд этилади хабарда.

Компания маълумотларига кўра, Maxam компанияси томонидан инвестиция мажбуриятларини бажармаслик қўшма корхоналар фаолиятига ва модернизация ва кенгайтириш қобилиятига сезиларли даражада тўсқинлик қилади.

«Ўзкимёсаноат» ва агентлик ҳам томонларнинг саволлари ва позитсиялари сир сақланиши лозим бўлган бир пайтда, Maxam компанияси ўз даъволарини ошкор қилганидан ҳайратдалигини билдирди.

Аксинча, «Ўзкимёсаноат» ва агентлик ҳар доим биргаликдаги фаолият тўғрисидаги тегишли келишувларга ва Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ иш юритган ҳамда ҳеч қандай шартнома ёки бошқа мажбуриятларни бузмаганини маълум қилди.

Шунингдек, Maxam компанияси билан келишмовчиликни дўстона ва виждонан ҳал қилиш тарафдори бўлган ва ҳозир ҳам шундайлиги, ҳар доим барча фаолиятида инсон ва меҳнат ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ҳамда ҳимоя қилишга интилиб келгани таъкидланди.

Шу ўринда, «Ўзкимёсаноат» ва агентликнинг ҳам Maxam компаниясига қарши даъволари борлиги маълум қилинди. Жумладан, Maxam компанияси ўзининг бутун фаолияти давомида қўшма корхоналар фаолиятини яхшилашга қаратилган ишларни амалга оширишни эмас, фақатгина дивидентлар олишни кўзлагани айтилди. «Ваҳоланки, Maxam компаниясининг мажбуриятлари қўшма корхоналарни модернизация қилиш ва замонавий технологиялар билан таъминлаш, ишлаб чиқариш ускуналарини такомиллаштириш ва техник ёрдам кўрсатишни қамраб олган. Бироқ Maxam компанияси ўз мажбуриятларини бажармади. Буни 2022 йил октабрь ойида „Максам-Чирчиқ“ акциядорлик жамияти заводида юз берган эскирган ускунанинг аварияси ҳам тасдиқлайди».

Шу билан бирга, сўнгги йилларда қўшма корхоналар фаолиятидан олинадиган фойда сезиларли даражада ошгани, мавжуд қувватлар модернизация қилиниб, фаолиятда яхшиланишлар кузатилаётганини алоҳида таъкидланди. Бунга инвестор ва унинг вакиллари иштирокисиз фақат Ўзбекистон томонининг саъй-ҳаракатлари эвазига эришилгани қайд этилди.

«„Ўзкимёсаноат“ АЖ ва агентлик барча мавжуд баҳсли масалалар қонуний ҳал этилишига умид билдиради. Шу муносабат билан, Ўзбекистон томони Maxam компаниясининг даъволари бўйича ҳуқуқий позитсия тайёрламоқда ва улар белгиланган тартибда тақдим этилади», — дейилади хабарда.