Хорижда турли соҳаларда муваффақиятга эришган ватандошларни бирлаштириш учун ташкил этилган Uzbekistan’s Club онлайн платформаси иш бошлади.

«Узоқ йиллар давомида улар билан ватан орасида ишончли алоқа тизими, мустаҳкам кўпиркка эҳтиёж бор эди. Шундай платформа бугун ишга тушди. Uzbekistan’s Club — дунё бўйлаб истеъдодли ўзбекистонликларни бирлаштирувчи экотизим. Бу интеллуктуал салоҳият, меҳнатсеварлик қадриятлари асосида барчамизни жамлайдиган ғоядир», — дейилади лойиҳа Telegram-каналидаги хабарда.

Клуб жамоаси хориждаги муваффақиятли ўзбеклар ҳақида «O‘zbekistonlik» туркум фильмларини суратга олишмоқда. Биринчи ва иккинчи церийаларнинг тақдимоти аллақачон бўлиб ўтди, учинчи церийанинг премьераси эса яқин кунларда кутилмоқда.

Учинчи эпизод қаҳрамонлари дунёдаги энг йирик нефть ва газ компанияларидан бири Shell`нинг етакчи IT-архитектори Мадина Бердиева ҳамда Страсбург филармоник оркестри дирижёри, авваллари Россия, Германия, Италия, Австрия, Буюк Британия, АҚШ, Япония, Канада, Испания ва Исроилда дирижёрлик қилган Азиз Шоҳакимов ҳақида бўлди.

Лойиҳа асосчиларидан бири, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари, Ёшлар масалалари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевнинг таъкидлашича, мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпроғини ташкил этувчи Ўзбекистон ёшлари «ўз йўли, ўз қизиқиши, бу дунёдаги ўрнини фаол изламоқда».

Барча муваффақиятли инсонларни «узлуксиз ривожланиш истаги бирлаштиради. Бу мен раҳбарлик қилаётган Ёшлар ишлари агентлиги олдида турган асосий вазифа — ўғил-қизларни ўзига ишонишга ўргатиш… АҚШдаги ватандошлар ҳақидаги биринчи қисм премьерасидан сўнг биз ёшларимиздан фикр-мулоҳазаларини олдик. Қизларимизнинг билим олишга қизиқишини кўриб, жуда хурсанд бўлдик. Минглаб ота-оналар фильмнинг биринчи эпизодини кўриб, ўз қизларининг таълим олишига сармоя киритишга қарор қилишди», — деди у.