Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини модернизация қилиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, бугунги кунда 15 мингта ижтимоий соҳа объектида иситиш тизимлари таъмирталаб ҳолатда. Оқибатда уларда иссиқлик энергиясининг 35 фоизи йўқотилмоқда, иссиқлик ҳарорати меъёрга нисбатан 2 баравар паст.

Шу боис Бўстон туманида иситиш тизимини хусусий шериклик асосида янгилаш ва бошқариш бўйича тажриба ўтказилган.

«Иситиш қозонлари замонавийларига алмаштирилган ҳамда тармоқлар модернизация қилиниб, хусусий бошқарувга берилган. Натижада энергия сарфи камайиб, бинолар ичидаги ҳарорат кўтарилган. Айниқса, ўтган қишдаги аномал совуқ даврида ҳам объектларда мўътадил ҳарорат сақлаб турилган», — дейилади хабарда.

Йиғилишда ушбу тажрибани оммалаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Унга кўра, иситиш тизими тадбиркорларга 10 йилга бошқарувга берилади ва уларнинг хизматлари давлат томонидан сотиб олинади. Тармоқлар модернизацияси учун зарур маблағнинг ярми бюджетдан, ярми хусусий шерик ҳисобидан ажратилади. Иситиш қозонларини ишлаб чиқаришга керакли бутловчи қисмлар 2 йил муддатга божхона божидан озод қилинади.

иситиш тизими, шавкат мирзиёев

Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, ташкилий ва молиявий масалалар бўйича кўрсатмалар берди.

Мутасаддиларга туман ва шаҳарлардаги ижтимоий объектларнинг иситиш тизимларини хатловдан ўтказиб, босқичма-босқич янгилаш, уларни бошқаришга салоҳиятли тадбиркорларни жалб этиш топширилди. Биноларда энергия йўқотилишини камайтириш, иссиқликни сақлаш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди. Инвесторлар иштирокида энергия тежамкор иситиш қозонлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида хусусий шерик танлашда унинг тажрибаси, шунингдек, 5 миллиард сўмдан ортиқ бўлиши талаб этиладиган айланмаси ҳам ҳисобга олинишини таъкидлади. Бундан ташқари, камида 15 йил кафолат муддати бўлган энергия тежовчи қозонларни сотиб олиш керак.

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов вилоятда 1608 та ижтимоий объект мавжудлиги, 133 та объектнинг иситиш тизими газ билан ишлаётгани «куз-қиш мавсумидаги аномал совуқда қийинчиликлар туғдираётганини» таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, 2023 йилда мазкур ижтимоий объектлардаги иситиш тизимларини хусусий шериклар тасарруфига ўтказиш режалаштирилган. Ҳоким бу ажратилган маблағларни самарали сарфлаш, кўмирнинг сифатини (импорт ҳисобига) ва иситиш қувватини ошириш имконини беришини билдирди.

Йиғилишда кўмир таъминоти масаласи ҳам муҳокама қилинди. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кўмир қазиб чиқариш 3 миллион тоннадан 5,4 миллион тоннага ошган. Бу йил эса салкам 6 миллион тонна қазиб олиш режалаштирилган. Лекин кўмирга талаб бундан анча кўп. Президент истиқболли конларни ўзлаштиришга хусусий секторни ва янги технологияларни жалб қилиш, кўмирнинг сифатини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Аввалроқ Ўзбекистонда газни тежаш мақсадида иссиқхоналар, цемент ва ғишт заводлари, болалар боғчалари, мактаб ва шифохоналарнинг бир қисми кўмир ёқилғисига ўтказила бошлагани ҳақида ёзган эдик. 2023 йилда 5407 та ижтимоий объект, 1147 та иссиқхона ва 250 та завод кўмирга ўтказилиши кутилмоқда.