Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Косон тумани ҳокими Асрол Бойқораевнинг мажлисда рўзадор фермерларни сув ичишга мажбурлагани айтилган ортидан Бош прокуратурага мурожаат қилди.

Ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов ўзининг Facebook`даги саҳифасида 31 март куни соат 15:00 атрофида мажлис чақирган туман ҳоким қишлоқ хўжалигидаги муаммолар ҳақида ғазаб билан нутқ сўзлагани, сўнг мажлис залига сув келтиришни буюриб, «сенлар рўза тутволиб, сипо бўлиб юрасанлар, ишни ким қилади» дея рўзадорларни сув ичишга мажбур қилгани ҳақида ёзганди.

Ҳолат бўйича кенгаш раиси ўринбосари Зафар Мустафақулов Бош прокуратурага мурожаат хати йўллади. Унда дастлаб Конституциянинг 31-моддаси ҳамда Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонуннинг 4-моддаси эслаб ўтилган.

асрол бойқораев, бош прокуратура, косон тумани ҳокими, фермерлар кенгаши

«Мамлакатимизда Конституцияга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказишга тайёргарлик кўрилаётган сиёсий жараёнлар пайтида Косон тумани ҳокимининг юқоридаги хатти-ҳаракатлари ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларнинг кенг эътирозларига сабаб бўлмоқда», — дейилади хатда.

Шунингдек, юқоридагиларни инобатга олиб ҳокимнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан прокурор назорати ҳужжати қўллаш масаласини кўриб чиқилишида амалий ёрдам бериш сўралган.

Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га хат келиб тушганини тасдиқлаб, ҳозирда ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.