29 мартдан 4 апрелгача Хитойнинг Чунцин шаҳрида аёллар шахмати бўйича жаҳон чемпиони унвони учун баҳслар бўлиб ўтмоқда. Унда финалга чиқиш ва спортчи Цзю Вэньцзюнь билан кечадиган дуэл учун икки нафар хитойлик шахматчи — Лэй Тинцзе ва собиқ жаҳон чемпиони Тань Чжуньи кураш олиб бормоқда. 29 ва 30 март кунлари кечган баҳсларда спортчилар кетма-кет 1 очкодан жамғарган бўлса, 31 мартдаги ўйинда дуранг қайд этиб, 4-тур олдидан ҳисоб тенглашган — 1,5:1,5.

Шахмат бўйича мураббий Георгий Шванов аёллар шахматининг нима учун яккаланиб қолаётгани ва аёллар шахматда эркаклар билан қай даражада рақобатлаша олиши мумкинлиги ҳақида ҳикоя қилади.

Аёллар шахматининг тарихи

Аёллар шахмат ўйинини, эҳтимол, у пайдо бўлганидан бери ўйнаб келишган. Замонавий ўйин қоидалари, айнан маликанинг ҳаракати XV асрда Испания қироличаси кастилиялик Изабелла I шарофати билан пайдо бўлганлиги ҳақида афсоналар мавжуд. Шахмат тахтаси ортидаги аёллар ҳақида Александр Пушкин ўзининг «Евгений Онегин» романида ҳам ёзган:

«Тинч жойга чекиниб ҳаммадан узоқ,
Бир шахмат тахтаси узра иккиси,
Столга ёнбошлаб, баъзи вақт жиддий
Чуқур ўйга ботиб ўйнайлар иноқ;
Ленский шунча ҳам паришонхотир
Ўз руҳин пиёда билан оладир», — деб ёзган эди у Ленский ва Олга ўртасидаги ўйин ҳақида.

Шунга қарамай, аёллар профессионал шахматининг тарихи эркакларникига қараганда кечроқ бошланган. Аёллар ўртасидаги илк жаҳон чемпионати 1927 йилда — эркаклар ўртасида илк бор бундай мусобақа ўтказилганидан 41 йил ўтгачгина бўлиб ўтган. Унда чехословакиялик шахматчи Вера Францевна Менчик ғолибликни қўлга киритган. Кейингиларида ҳам аёллар шахматида унга тенг келадигани топилмади ва у яна етти карра ўз чемпионлик унвонини тасдиқлади. 1944 йилда Вера Менчик Лондоннинг фашистлар Германияси томонидан бомбардимон қилиниши вақтида вафот этди.

гулруҳбегим тоҳиржонова, терма жамоа, ўзбекистон, шахмат, шахматчи қизлар

Вера Менчик. Фото: Яндекс.Дзен.

Унинг вафотидан сўнг аёллар ўртасидаги биринчи жаҳон чемпионати 1949/50 йил қишда бўлиб ўтди. Ғалабани Людмила Владимировна Руденко қўлга киритди. Ўша вақтдан бошлаб то 1991 йилгача аёллар шахмати тожини Совет Иттифоқи ўзида сақлаб қолди. 1960−1980 йилларда кучли грузиялик шахмат юлдузлари: Гаприндашвили, Чибурданидзе, Иоселиани, Александрия етишиб чиқди.

1990 йиллардан бери аёллар шахматида чемпионлик унвонларининг аксариятини хитойлик шахматчилар эгаллаб келмоқда. Амалдаги жаҳон чемпиони — Цзю Вэнцзюнь. У чемпионликни 2018 йилда қўлга киритган, 2020 йилда эса россиялик Александра Горячкинани ўйинда мағлуб этиб, ўз унвонини ҳимоя қилган.

гулруҳбегим тоҳиржонова, терма жамоа, ўзбекистон, шахмат, шахматчи қизлар

Цзюй Вэнцзюнь. Фото: Википедия.

Унинг навбатдаги рақибини аниқлаш мақсадида номзодлар турнири ўтказилади. Мазкур турнирда иштирокчилар яккама-якка қисқа ўйинлар ўтказадилар. Мусобақа финалида ҳам икки нафар хитойлик аёл — Лэй Тинцзе ва собиқ жаҳон чемпиони Тань Чжуньи тўқнаш келади. Шундай қилиб, унвоннинг ўзи ҳам, шохсупада унга энг яқин бўлган ўринлар ҳам Осмон империяси вакилларининг қўлида сақланиб қолади. Бу кўп жиҳатдан мамлакат тарихидаги иккинчи гроссмейстер Е Цзянчуаннинг хизмати бўлиб, у 2000 йилда эркаклар ва аёллар терма жамоаларининг бош мураббийи сифатида фаолият юритган ва бир қанча бўлажак чемпионларни етиштириб чиқарган.

Аёллар шахмати Россия, Украина, Ҳиндистон, Полша каби мамлакатларда яхши ривожланган. Сўнгги пайтларда қозоғистонлик спортчилар ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Масалан, Бибисара Асаубаева ўтган йили блиц (ўйлаб олиш вақти қисқартирилган шахмат) бўйича икки карра жаҳон чемпиони бўлди.

Жинслар кураши

Узоқ вақт давомида эркаклар ўртасида ва аёллар ўртасида кечадиган шахмат баҳслари кучидаги тафовутни ер билан осмонча, деб аташ мумкин эди. Бунинг сабаблари ҳалигача муҳокама қилиб келинади. Жамиятдаги «Интеллектуал спорт — аёлларнинг иши эмас», деган қарашларнинг таъсири, қолаверса, кўпчилик аёллар ҳали ҳам карьера ёки оила ўртасидаги танлов олдида турганини тан олмай илож йўқ.

Ўйин савиясидаги фарқ туфайли шахмат бўйича аёллар турнирлари дастлаб эркакларникидан алоҳида ўтказилган. 1978 йилда алоҳида унвонлар ҳам жорий этилди: аёл гроссмейстер, аёллар шахмати халқаро устаси ва бошқалар. Уларни қўлга киритиш учун стандарт унвонлар учун талаб қилинганидан пастроқ рейтинг ва турнир натижаларига эришиш кифоя қилади.

Эркакларга муваффақиятли қаршилик кўрсата олган илк шахматчи аёл ҳам Вера Менчик эди. 1929 йилда у Карлсбаддаги кучли халқаро турнирда иштирок этди. Ҳамкасблари унинг истиқболига шубҳа билан қарашди ва веналик шахмат устаси Алберт Беккер ҳазил тариқасида у мағлуб этиши мумкин бўлган жентлеменлар клубини тузишни таклиф қилди. Шунга қарамай, тез фурсатда унинг ўзи ушбу клубнинг биринчи аъзосига айланди. Кейинчалик Вера Францевна кўплаб кучли шахмат усталарини, шу жумладан бўлажак жаҳон чемпиони Макс Эйвни мағлуб этди ва кучли турнирларда бир нечта совринли ўринларни банд этди.

Ундан кейинги чемпионлар узоқ вақт давомида юқори даражага кўтарилишга муваффақ бўлмадилар ва эркаклар турнирларида иштирок этмадилар. Вазиятни 1978 йилда биринчи бўлиб халқаро гроссмейстер унвонини олган Нона Гаприндашвили ўзгартирди. Netflix`нинг машҳур «Қироличанинг юриши» сериалида унинг эркаклар билан ўйин ўтказмаганлигини айтилганда, Гаприндашвили ҳақли равишда ғазабланган эди.

гулруҳбегим тоҳиржонова, терма жамоа, ўзбекистон, шахмат, шахматчи қизлар

Нона Гаприндашвили. Фото: Википедия.

Унинг ўрнига шохсупани эгаллаган Мая Чибурданидзе ҳам эркакларга қарши фаол дона сурди, энг олий унвонни қўлга киритди, халқаро мусобақаларда бир нечта биринчи ва совринли ўринларни эгаллади.

Бугунги кунда аёл шахматчиларнинг эндиликда «очиқ» деб номланувчи энг кучли эркаклар турнирларидаги иштироки тобора ортиб бормоқда («очиқ» турнирларда аёллар ҳам, эркаклар ҳам иштирок этиши мумкин. Аёллар турнирларида — фақат аёллар). Масалан, хитойлик Хоу Ифань шахмат тақвимининг энг нуфузли турнирларидан бири бўлган Вейк-ан-Зее турнирида, Александра Горячкина эса Россия чемпионатининг суперфиналида иштирок этган.

Эркакларга қарши ўйинларда энг катта муваффақиятга венгриялик шахматчи Жудит Полгар эришди. Бугунги кунга қадар у дунёнинг энг кучли шахмат усталари ўнталигига кирган ва жаҳон чемпиони унвони учун мусобақаларда иштирок этган (2005) ягона аёл шахматчи ҳисобланади. Жудитнинг турнирлардаги сўнгги чиқиши 2014 йилги Шахмат Олимпиадаси бўлиб, унда Венгрия жамоаси у билан биргаликда кумуш медалларни қўлга киритди.

Ўзбекистон шахматчи аёллари

Мамлакатимизда аёллар шахматининг биринчи ёрқин вакили Валентина Михайловна Борисенко ҳисобланади. 1965 йилда у турмуш ўртоғи, таниқли совет шахмат устаси Георгий Борисенко билан Свердловскдан Тошкентга кўчиб келган. Валентина Михайловна Ўзбекистон ССР шахматчиси сифатида олтита Совет Иттифоқи чемпионатида, шунингдек, жамоа таркибида иккита миллий мусобақаларда иштирок этган. У 1993 йилда вафот этган.

гулруҳбегим тоҳиржонова, терма жамоа, ўзбекистон, шахмат, шахматчи қизлар

Валентина Борисенко: Фото: Фаcебоок.

Мустақил Ўзбекистонда аёллар шахматининг тараққий этишига Мўминовлар-Тохиржоновлар оиласи муҳим ҳисса қўшди. Тўнғич қиз Нафиса Мўминова ва кенжаси Гулруҳбегим Тоҳиржонова аёллар ўртасида гроссмейстер унвонига сазовор бўлиб, турли даврларда аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида иштирок этишди. Ўртанча қиз Ҳулкар Тоҳиржонова FIDE аёллар шахмати устаси унвонига сазовор бўлди.

Бу йилларда Ўзбекистон терма жамоаси юксак натижаларга эришиш қобилиятини намоён этди. Хусусан, 2018 йилги Олимпиадада мусобақанинг фаворити — Россия жамоаси мағлуб этилди. Гулруҳбегим, Ирина Геворгян ва Сарвиноз Қурбонбоева тажрибали рақибларга қарши баҳсларда дуранг қайд этган бўлса, жамоага ҳал қилувчи ғалабани Нодира Нодиржонова олиб келди.

Ҳозирда Гулруҳбегим АҚШ шарафини ҳимоя қилмоқда. У спортдаги фуқаролигини ўзгартирганлигида Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Хусан Турдалиевни айблади. 2022 йилги Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Гулруҳбегим АҚШ терма жамоасини бошқарди ва 10 дан муносиб 7 очко жамғаришга муваффақ бўлди. Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўйинда унинг ўрнига захирадаги ўйинчи иштирок этди.

гулруҳбегим тоҳиржонова, терма жамоа, ўзбекистон, шахмат, шахматчи қизлар

Гулруҳбегим Тоҳиржонова. Оилавий архивдан олинган сурат.

Мамлакатимизнинг амалдаги аёллар терма жамоаси ёш шахматчилардан таркиб топган. Айни дамда уларнинг энг кучли ва тажрибалиси — Ўзбекистоннинг энг кучли шахматчиларидан бири Нодирбек Ёқуббоевнинг опаси Нилуфар Ёқуббоева ҳисобланади.

Woman Chess Championship

Март ойи бошида бўлиб ўтган Woman Chess Championship халқаро турнири аёллар шахматини ривожлантиришга қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир. Турнир икки гуруҳ — профессионал ва ҳаваскорлар ўртасида ўтказилди. Соврин жамғармаси 50 минг долларни ташкил этди. Асосий гуруҳда 10 та давлатдан 45 нафар шахматчи мусобақалашди. Ўзбекистон байроғи остида 19 нафар шахматчи, шу жумладан, Нилуфар Ёқуббоева ҳам иштирок этди.

Турнирнинг биринчи ярмидан сўнг пешқадамлик кутилмаганда қозоғистонлик халқаро даражадаги шахмат устаси, рейтингда бор-йўғи 15-ўринни эгаллаб турган 18 ёшли Ксения Балабаева қўлига ўтди.

Бироқ олтинчи турда россиялик Валентина Гунина — кучли эркак гроссмейстерларга қарши баҳсларда ҳам яхши натижа кўрсатиб келаётган тажрибали шахматчи аввалига у билан тенглашиб, кейин ортда ҳам қолдирди. Валя (мухлислари эркалаб шундай аташади) ўзининг жанговар табиати, ёрқин ўйин услуби ва жумбоқли мураккабликларга ишқибозлиги билан машҳур. Тўртинчи раундда Балабаева билан баҳсдаги мағлубият унинг руҳини туширмади. Кейинги баҳсларда Гунина 5 дан 4,5 очко жамғарди ва чемпионат «олтинини» қўлга киритди.

гулруҳбегим тоҳиржонова, терма жамоа, ўзбекистон, шахмат, шахматчи қизлар

Валентина Гунина. Фото: Telegram.

«Кумуш» Нилуфар Ёқуббоевага насиб этди. Аввалига ғалабани дуранг билан алмаштирган спортчи қизимиз пешқадамларга яқин, бироқ уларнинг сафида эмасди. Шунга қарамай, сўнгги тур олдидан у Гунинадан бир очко, яна тўрт нафар спортчидан ярим очко ортда қолди.

гулруҳбегим тоҳиржонова, терма жамоа, ўзбекистон, шахмат, шахматчи қизлар

Нилуфар Ёқуббоева. Фото: Telegram.

Турнирнинг рейтинг фаворити арманистонлик Элина Даниелян устидан қозонилган ғалаба Ёқуббоевага чемпионатда иккинчи ўринни олиб келди.