Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 мартдаги қарори билан 2023 йилга мўлжалланган Давлат активларини хусусийлаштириш бўйича янги дастурни тасдиқлади.

Ҳужжатда айтилишича, Давлат активларини бошқариш агентлиги, ҳокимликлар ва бошқа давлат идоралари томонидан 30 мингдан ортиқ давлат муассасаси, давлат иштирокидаги корхоналар ва улар тизимидаги корхоналар, шунингдек, кўчмас мулк объектлари таҳлил қилиниб, қисқартириш бўйича таклифлар киритилган.

Давлат раҳбари томонидан давлат улуши бўлган 1001 та объектлар рўйхати тасдиқланди, улар очиқ кимошди савдолари орқали тўлиқ сотилиши режалаштирилган.

Spot’нинг ёзишича, гап 39 та йирик давлат компанияси, 8 та банк, 20 та вазирлик, шунингдек, бошқа давлат органлари ва маҳаллий ҳокимият органларининг шўба корхоналари ҳамда фирмаларидаги улушлари ҳақида бормоқда.

Сотилаётган объектлардан:

  • «Ўзавтосаноат»нинг 50 та активи, шу жумладан дилерлик марказлари (улар 2018 йилдан хусусийлаштирила бошлаган);
  • «Ўзбекистон темир йўллари»нинг UzXCMG, «Ўзтемирйўлконтейнер», «Кўприкқурилиш» трестидаги улушлари;
  • «Ўзбекнефтгаз»нинг 14 та нефть базаси, UNG Petro ёқилғи қуйиш шохобчалари, «Татьнефт» қўшма корхонасидаги улуши, «Бухоро», «Насаф», «Машъал» футбол клублари ва бошқалар;
  • «Ўзкимёсаноат»нинг 8 та улуши, жумладан Ammofos Maxam ва Maxam-Chirchiq;
  • Uztelecom’нинг Buzton ва East Telecom интернет провайдерларидаги (миноритар), шунингдек, GOC-UZ оптик толали кабел заводидаги улушлари;
  • UzCaseMash Ўзбекистон-Америка қўшма корхонасида 25%;
  • LG CNS Uzbekistan ҚКда 20%;
  • Uztrade ташқи савдо давлат компанияси;
  • UzVC венчур фонди;
  • «Ўзбекистон» меҳмонхонаси (80,1 фоиз), «Фотон» АЖ (85,6 фоиз) ва бошқалардаги давлат улушлари.

Активларни ким ошди савдосига қўйишда зарурат туғилганда уларнинг жорий фаолияти профилини сақлаб қолиш ёки улар асосида аниқ бир йўналишда фаолиятни ташкил этиш каби шарт-шароитларни белгилашни ҳисобга олиш топширилди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига Давактив билан биргаликда рўйхатдаги корхоналарга берилган мутлақ ҳуқуқларни инвентаризация қилиш ва уларни бекор қилиш бўйича таклифлар киритиш топширилди.

Шунингдек, ким ошди савдосига давлат ва давлат улушига эга компанияларга тегишли 1046 та кўчмас мулк объекти қўйилади. Кўчмас мулкнинг асосий қисми Тошкентда сотилиши керак — 150 та объект, дея қайд этади Spot.

Аввал хабар қилганимиздек, ҳужжатда акциялари «халқчил IPO»га қўйиладиган 40 та давлат корхонаси рўйхати ҳам тасдиқланган.