31 март куни 2010 йилгача бўлган даврда олинган ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштиришнинг сўнгги куни. 1 апрелдан бошлаб 2010 йилгача берилган ҳайдовчилик гувоҳномалари ўтмайди ва ҳайдовчи жаримага тортилиши мумкин. Жаримаси БҲМнинг 1 баравар миқдорида — 300 минг сўм бўлади.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини уйдан туриб Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали олиш мумкин.

Бунинг учун (my.gov.uz) орқали буюртма бериш зарур. Буюртмада:

  • бўш қаторлар шахсий маълумотлар билан тўлдирилади;
  • тегишли бандлар танланади;
  • янги ҳайдовчилик гувоҳномаси етказиб бериладиган манзил кўрсатилади;
  • мобил телефон ёки компьютер орқали шахсий имзо қўйлади.

Сўнгги қадамда инвойс (ҳисоб-фактура) шаклланади ва БҲМнинг 70 фоизи (210 минг сўм) миқдорида ҳамда почта хизмати учун 25 минг сўм тўлов амалга оширилади.

Марказ ходими келиб тушган буюртмани кўриб чиқиб, чоп этган янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини почта хизматига тақдим этади. Хизмат томонидан икки иш кунида манзил бўйича етказилади ва аризачидан эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талон олиниб, янгиси тақдим этилади. Почта хизмати эски гувоҳнома ва талонни ДХМга топширади.

Адлия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, 2023 йил 4 январдан 28 март ҳолатига ДХМлар орқали эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштирилганлар сони — 92 660 ташкил этган.

ҳайдовчилик гувоҳномаси

Фото: Адлия вазирлиги

ИИВ 4 январь ҳолатига кўра 2 млндан ортиқ «права», 557 мингдан ортиқ «техпаспорт»лар янгисига алмаштирилмаганини қайд этганди.

Эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ва автомототранспорт рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни мажбурий алмаштириш муддати қуйидагича:

  • 2010 йилгача бўлган даврда берилганлари — 2023 йил 31 мартгача;
  • 2010 — 2012 йилларда берилганлари —2023 йил 30 июнгача;
  • 2013 — 2015 йилларда берилганлари — 2023 йил 30 сентябргача;
  • 2015 йилдан кейин берилганлари — 2023 йил 31 декабргача.

ЙҲХХнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, алмаштириш муддати ўтган ҳайдовчилик гувоҳномалари юқоридаги санадан сўнг ҳам янгилаб берилади. Бунда жарима тўлаш ва қайта имтиҳон топшириш талаб этилмайди.