2023 йил 30 январдан эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини уйдан туриб Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) олиш мумкин. Бу ҳақда Telegram`даги «Davlat xizmatlari yangiliklari» канали хабар берди.

Қайд этилишича, бу орқали Давлат хизматлари маркази ва ички ишлар органларига бориб, расмга тушиш, бир нечта ҳужжатларга имзо қўйиш, навбат кутишнинг олди олинади.

Бунинг учун (my.gov.uz) орқали буюртма бериш зарур. Буюртмада:

  • бўш қаторлар шахсий маълумотлар билан тўлдирилади;
  • тегишли бандлар танланади;
  • янги ҳайдовчилик гувоҳномаси етказиб бериладиган манзил кўрсатилади;
  • мобил телефон ёки компьютер орқали шахсий имзо қўйлади.

Сўнгги қадамда инвойс (ҳисоб-фактура) шаклланади ва БҲМнинг 70 фоизи (210 минг сўм) миқдорида ҳамда почта хизмати учун 25 минг сўм тўлов амалга оширилади.

Марказ ходими келиб тушган буюртмани кўриб чиқиб, чоп этган янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини почта хизматига тақдим этади. Хизмат томонидан икки иш кунида манзил бўйича етказилади ва аризачидан эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талон олиниб, янгиси тақдим этилади. Почта хизмати эски гувоҳнома ва талонни ДХМга топширади.

Эслатиб ўтамиз, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва «техпаспорт»ни янгисига алмаштириш муддати (берилган вақтига қараб) 2023 йилда якунланади. Ҳозиргача 2 млндан ортиқ «права», 557 мингдан ортиқ «техпаспорт»лар янгисига алмаштирилмаган. ИИВ ҳайдовчиларни эътиборсиз бўлмасликка чақирган.

Маълумот учун, 2010 йилгача олинган «права»ни янгисига алмаштириш муддати 2023 йил 31 мартгача этиб белгиланган.