30 март куни ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистонга келган Шавкат Мирзиёев аҳоли фаровонлигини янада оширишга қаратилган 3 та янги ташаббусни илгари сурди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Қад этилишича, Кегейли туманида Қорақалпоғистон саноатини ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш масалалари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтган.

Унда билдирилган ташаббусларнинг биринчиси доирасида Қорақалпоғистондаги 452 та маҳалланинг ҳар бирига тўғридан-тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратилади.

Бунинг учун алоҳида Қорақалпоғистон маҳаллаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилиниб, унга 2023 йилда 250 миллиард сўм ажратилади.

«Наврўз байрами ва Маҳалла куни арафасида маҳалла раислари, имомларни рағбатлантирдик. Қорақалпоғистонда азал-азалдан ўзига хос тизим — кўча-бийлар бор. Одамларимизнинг ҳаётини яхшилашга ҳисса қўшаётган бундай жонкуяр инсонлар меҳнатини ҳам муносиб рағбатлантириш керак, деб ўйлайман», — деди давлат раҳбари.

Иккинчи ташаббус. Бугунги кунда Қорақалпоғистонда 47 минг уй-жой ва кўчмас мулкларнинг кадастри йўқ. Таъкидланишича, бу одамларнинг ипотека олиш, томорқасида деҳқончиликка кредит, субсидия олиш, яшаётган бошпанасини фарзандларига мерос қолдириш имкониятини чекламоқда. Шу сабабли кейинги икки ойда 38 минг одамнинг кадастри тўлиқ қилиб берилади.

Учинчи ташаббус. Бугун Қорақалпоғистонда йилига 6,5−7 мингта уй-жойга талаб бор. Шу боис 2023 йилда ўтган йилга нисбатан 2 баравар кўп ёки 4 мингта уй-жой қурилади.

«Бунга қўшимча қилиб, фақат Қорақалпоғистон аҳолиси учун янги имконият яратамиз. Яъни замонавий лойиҳа асосида 4 минг якка тартибдаги уй-жой қуришга 4 сотихдан ер ажратилади. Инфратузилмасини ҳам қилиб берамиз. Бундай имкониятни бошқа ҳудудларимизга бермаганмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда иш ўринларини кўпайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қорақалпоғистонда 72 минг расмий ишсиз бор. Ҳар йили 43 минг ёшлар меҳнат бозорига кириб келади. Шуларни ҳисобга олиб, 193 минг иш ўрни яратиш ва Қорақалпоғистонни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилиб қўйилди.

Бу борада йирик корхона ва кластерлар, кончилик, оилавий тадбиркорлик, касаначилик ва қишлоқ хўжалигидаги имкониятлар кўрсатиб ўтилди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари мўл ва арзон бўлишини таъминлаш мақсадида 2022 йилда аҳолига 6 минг 600 гектар ер брилган эди, бу йил яна 6 минг гектар ажратилмоқда. Бу орқали сабзи, пиёз, картошка каби кундалик маҳсулотларга эҳтиёж қопланади. Бўстон каналини бетонлаш ҳисобига Элликқалъа, Тўрткўл ва Беруний туманларида 100 минг гектарда сув таъминоти яхшиланади. Дала четларида 3,6 минг гектарда кади, узум ва сабзавот етиштириб, 42 минг тонна маҳсулот олинади.

Қорақалпоғистонда 51 та мактабда ўқувчилар сони меъёрдан 2 баравар кўп. 208 та маҳаллада ичимлик суви таъминоти яхши эмас. 120 километр магистрал ҳамда энг серқатнов 600 километр ички йўлларни таъмирлаш керак.

Шу боис 9 та туманда мактабгача таълим муассасалари қуриш, мактаб ва шифохоналарни таъмирлашга, шу жумладан, иссиқлик таъминотига қўшимча маблағ ажратилиши белгиланди. Йўлларни таъмирлаш, электр энергияси тақчиллиги чораларини кўриш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.