23 март куни Фарғона вилоятининг Риштон туманида 17 ёшли қиз истироҳат боғида «Пиратский корабль» номли аттракциондан эҳтиётсизлик сабаб тушиб кетди.

Вилоят ИИБнинг хабарига кўра, қиз тан жароҳати олган ва туман тиббиёт бирлашмасининг қабул бўлимига олиб келинган.

Риштон тумани ИИБ шу куннинг ўзида ҳолат бўйича судга оид тиббий экспертиза тайинлади. Терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳодиса сабабларини аниқлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинган ёки қилинмаганини аниқлаш юзасидан Бандлик бошқармасига тегишли ҳужжатлар тақдим этилган.

«Қиз ҳозирда Бағдод туманидаги тиббиёт бирлашмасида шифокорларнинг назоратида даволанмоқда ва аҳволи яхшиланяпти», — дейилади хабарда.

Аввлроқ, Бухородаги «Сомонийлар» истироҳат боғида уч киши, жумладан, ёш бола қулагани хабар берилганди. Улар учган аттракцион фойдаланиш учун тақиқланган бўлган.