Қатор озиқ-овқат маҳсулотлари ва товарларни олиб киришда божхона тўловларини ноллаштириш ушбу турдаги маҳсулотларнинг импорт нархларининг 1 фоиздан кўпроққа пасайишига олиб келади. Аҳолидан тушаётган маблағлар эса иқтисодиётда талабнинг ўсишини рағбатлантиради.

Бу ҳақда 28 март куни бўлиб ўтган брифингда президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов маълум қилди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов сўнгги йилларда озиқ-овқат инфляцияси юқори даражада қолаётганини таъкидлади. Транспорт, ўғит ва ёнилғи нархларининг ошиши ҳам озиқ-овқат нархига таъсир қилишда давом этмоқда. Шу муносабат билан президент 34 турдаги (яна 2 таси — 2023 йил 1 сентябргача) озиқ-овқат маҳсулотларини олиб киришда 2024 йилгача божларни нолга тенглаш, шунингдек, фуқаролар учун тўланган ҚҚС суммасини ижтимоий реестрдан қайтариш тартибини жорий этиш бўйича қарор имзолади.

ИТИМ маркази раҳбари Обид Ҳакимов ушбу маҳсулотлар аҳоли истеъмолида энг кўп фойдаланилаётганини таъкидлади. 2022 йилда қарийб 900 млн долларга мазкур маҳсулотлар Ўзбекистонга олиб кирилиб, улар учун 500 млрд сўмдан ортиқ божхона тўловлари тўланган.

Унинг сўзларига кўра, айрим турдаги истеъмол товарлари учун божхона тўловларининг нолга туширилиши икки йўналиш бўйича самара беради.

«Ҳар доим божхона божлари тушганда, маҳсулотларимиз арзонлашади. Бунинг эвазига маҳсулот кўп истеъмол қилинади. Биз буни савдони ҳосил қилиш эффекти деб атаймиз. Иккинчиси эса олдин бир мамлакатдан олган маҳсулотимиз бошқа мамлакатда бож сабаб қимматроқ бўлгани учун савдонинг йўналиши ҳам ўзгаради. Биз ушбу икки йўналиш истеъмолчиларга қандай таъсир кўрсатишини ҳисобга олиб, таҳлил ўтказдик», — деди у.

Обид Ҳакимовнинг фикрича, ушбу турдаги истеъмол товарлари бўйича тўловларнинг нолга туширилиши аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини манзилли қўллаб-қувватлаш ва кам таъминланган хонадонлар истеъмолини рағбатлантириш имконини беради.

«Масалан, битта хонадондаги истеъмолга эътибор қаратадиган бўлсак, озиқ-овқатларга одатда паст ёки ўрта даромадли уй хўжаликлари даромадларининг катта қисми сарфланади. Жумладан, булар макарон, тухум, сариёғ, гўшт, пишлоқ, олма ва бошқалар. Демак, агар аҳолининг энг заиф қатламлари фақат кефир сотиб олиш учун уй харажатларининг 5,6 фоизини сарфласа, энг юқори даромадли оилаларда бу атиги 0,7 фоизни ташкил қилади», — дея тушунтирди эксперт.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, ушбу озиқ-овқат маҳсулотларига сарфланган харажатларнинг даромадга нисбати энг юқори даромадли уй хўжаликларига қараганда кам таъминланганлар учун 8−10 баравар юқори.

ИТИМ маълумотларига кўра, ушбу товарларга божхона тўловларининг нолга туширилиши гўшт ва гўшт маҳсулотлари импортини 4,8 млн долларга, пишлоқ — салкам 900 минг, ёнғоқ — 1,3 млн, олма ва нок — 1,9 млн, янги мевалар — 1,6 млн долларга, шоколад — 4,7 млн долларга, қандолат маҳсулотлари — 1,2 млрд долларга кўпайтириш имконини беради.

«Макроиқтисодий нуқтаи назардан импорт ҳажмининг ошиши натижасида аҳоли томонидан истеъмол ҳажмининг ошиши ва ушбу турдаги маҳсулотларнинг импорт нархларининг 1 фоиздан ортиқ пасайиши кутилмоқда», — деди Обид Ҳакимов.

Макроиқтисодий таъсирлар

МДҲ давлатларидан олиб кирилаётган товарларга Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги битимга мувофиқ импорт божхона тўловлари киритилмайди. Транспорт-логистика занжирларининг бузилиши, асосий етказиб берувчи мамлакатларда ишлаб чиқаришнинг тўхтаб қолиши сабабли Ўзбекистон МДҲнинг эркин савдо шартномаси аъзоси бўлмаган учинчи давлатлардан импорт божхона тўловлари ставкалари солинган товарларга нисбатан импорт ҳажмини оширди. Бу, ўз навбатида, ички бозорда маҳсулот таннархининг ошишига олиб келади, деди Обид Ҳакимов.

Ўрганишлар натижасида 2022 йилда маҳсулотларнинг МДҲ давлатларидан 57 фоиз божсиз, қолган 43 фоизига эса эса импорт қилинадиган истеъмол товарлари учун божхона тўловлари қўллангани аниқланди.

Божларнинг нолга туширилиши ушбу товарлар бўйича истеъмол товарлари импортининг ўртача 6,7 фоизга ошишига олиб келиши кутилмоқда. Импортнинг энг катта ўсиши қуйидаги товарлар гуруҳлари бўйича кутилмоқда: «бошқа гўшт ва истеъмол қилинадиган гўшт маҳсулотлари», «янги, совитилган ёки музлатилган мевалар», «янги олма, нок ва беҳи», «ёнғоқлар», «қандолат маҳсулотлари», «шоколад», «макарон» ва «пишлоқ маҳсулотлари».

Шу билан бирга, ушбу маҳсулотларнинг ички бозорида импорт нархлари 1,16 фоиз пунктга пасайиши кутилмоқда. Бу, шунингдек, турар жой ва озиқ-овқат хизматлари, ташиш ва сақлашга ижобий таъсир кўрсатиши ва улгуржи ва чакана савдо, шунингдек, ахборот ва коммуникацияларга бироз камроқ сезиларли ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

Мазкур янгилик аҳолида 600 млрд сўм миқдоридаги қўшимча маблағларни тежаш имконини беради, бу эса иқтисодиётдаги ички талабнинг 0,45 фоиз пунктга ўсишини рағбатлантиради ва иқтисодий ўсишга мультипликатив таъсир кўрсатади.

Импорт оқимларига таъсири

Савдо оқимига таъсир баҳоланса, Россия, Молдова, Қозоғистон, Беларусь ва Украинадан озиқ-овқат импорти камаяди.

Шу билан бирга, Европа Иттифоқидан импорт ҳажми ошиши кутилмоқда. ЕИ мамлакатлари орасида импортнинг энг катта ўсиши Польша, Франция ва Италияга тўғри келади. Савдога ижобий таъсир кўрсатадиган бошқа мамлакатлар Туркия, Хитой ва Ҳиндистондир.

Таъкидлаш жоизки, озиқ-овқат маҳсулотларининг умумий импортдаги улуши қарийб 11,5 фоизни ташкил этади. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати протекционизм сиёсатидан воз кечиши керак.

«Асосий турдаги озиқ-овқат ва истеъмол маҳсулотларига божлар фаровонлик даражасини пасайтириб келган экан, нега шу ишлар, яъни ҳаммамизни камбағаллаштираётган божларни ноллаштириш ҳозир эмас, аввалроқ қилинмаган?» — дейди у.

Мутахассис, шунингдек, «Нега яна юзлаб товар позициялари бўйича ўзбекистонликларни камбағаллаштираётган, танловсиз қолдираётган, маҳаллийлаштириш деган ниқоб остига яширинган корчалонлар, монополистлар ва олигархияни чексиз бойитаётган аждарҳо божларни пасайтириш ё бекор қилиш мумкин эмас?» — дея савол қўйган.