30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдум арафасида интернетда эълон қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси бўйича конституциявий қонун лойиҳасида президент ваколат муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш кўзда тутилган. Қонун лойиҳасида бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон президенти бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоида ҳам сақланиб қолган.

Конституциявий қонун лойиҳасининг 7-моддасида унинг янгиланиши билан президент ва бошқа бир қатор давлат мансабдор шахслари олдинги муддатлари сонидан қатъи назар, айни шу лавозимларга қайта сайланиши ва тайинланиши мумкинлиги қайд этилган.

Қонундаги таҳрирдан келиб чиқиб, президентнинг амалдаги ваколат муддати (беш йил) икки йилга узайтирилишини тахмин қилиш мумкин. Расмийлар томонидан ушбу қоидага аниқлик киритилмагани сабабли кейинги сайловлар қачон бўлиб ўтиши ҳақида турли хил версиялар мавжуд — 2026 ёки 2028 йилда.

«Ҳар бир нуқта ёки вергул ҳам катта аҳамиятга эга»

Акбар Тошқуловнинг айтишича, Конституциянинг янги таҳрири лойиҳасида ва конституциявий қонуннинг 7-моддасида жумлалар «аниқ, тушунарли» ёзилган. Шу билан бирга, у жумлалар мураккаб тилда ёзилган бўлиши мумкинлигини тан олди.

Адлия вазирлиги раҳбари ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида ҳам муҳокамалар бўлиб ўтгани, масъул мутасаддилар ушбу мавзуни кўтарганини таъкидлади. Лойиҳа Конституциявий судда ҳам муҳокама қилинган.

«Бир нарсани тушунишимиз керак, қонунларга, умуман, Конституцияга ким шарҳ беради? Конституцияга Конституциявий суд шарҳ беради», — деди вазир.

«Юристларда бир нарса бор, ҳар бир нуқта ёки вергул ҳам катта аҳамиятга эга. Шунинг учун Конституциявий суд деган идора бекорга тузилмаган. Уларда энг малакали, соҳанинг энг етук олимлари ёки мутахассислари ўтирибди. Конституциянинг қайсидир моддасини шарҳлаш керак бўлса, ўша давлат органи шарҳ бериши — энг тўғри ечим», — деди у.

Вазирнинг таъкидлашича, у мухбир келтириб ўтган моддани у айтганидан бошқачароқ тушунади. «Сиз буни қандай тушунсангиз, шундай қабул қилишингиз керак», — деди у. «Ҳамманинг ўз фикри бор», — дея қўшимча қилди у.

«Конституцияни принципиал ўзгартирмасдан туриб, давлатни ўзгартириб бўлмайди»

Акбар Тошқулов Конституцияга «инсон ҳуқуқлари бўйича жуда катта ўзгаришлар» киритилаётганини таъкидлади.

«Нима учун керак эди Конституцияни ўзгартириш дейилса, тўғридан-тўғри қўлланадиган баъзи моддалар бор», — деди у.

«Эртага давлатнинг қурилиши биринчи ўринда Конституция ва қонунларга асосланади. Мана шу Конституцияни принципиал ўзгартирмасдан туриб, давлатни ўзгартириб бўлмайди», — дея қўшимча қилди вазир.

«Буни ривожланган мамлакатларда ҳам кўришингиз мумкин. Америка сиёсатида тарих нима учун ўзгарган десангиз, Конституциянинг фалон моддаси ўзгаргандан кейин ҳаёт ўзгарган», — деб давом этди у.

«Ўзбекистонда ҳам жуда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Конституцияга ўзгартиришлар киритилмасдан туриб, айрим ислоҳотларни амалга ошириб бўлмайди. Шу боис Конституцияга шундай ўзгартиришлар киритилмоқда», — дея таъкидлади вазир.