Ўзбекистонда ўтган ҳафтада қизил думалоқ помидорнинг ўртача улгуржи нархи 29 фоизга ва ўтган йилга нисбатан деярли 2 бараварга ошди, дея хабар бермоқда Шарқий Европа ва Марказий Осиё ҳудудларида мева, сабзавот, ёнғоқ ва резавор бозори ҳақида маълумотлар берувчи EastFruit портали.

Таҳлилларга кўра, 2023 йилнинг 17 мартидан 24 мартигача Ўзбекистонда қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи 28 минг сўмдан 36 минг сўм/кг га ($2,45 дан $3,16 га), бир ҳафта ичида 28,6 фоизга ошган. Охирги уч ойда ушбу маҳсулотларнинг жадал ўсиши ҳисобга олинса, йил бошидан 24 мартгача Ўзбекистонда қизил думалоқ помидорнинг улгуржи нархлари 2,4 баробарга юқорилаган.

Ўтган ҳафтада қизил думалоқ помидор нархининг кескин ошиши оқибатида Ўзбекистонда ушбу маҳсулотларнинг улгуржи нархлари портал мониторинг қиладиган мамлакатлар орасида энг юқори бўлиб чиққан.

24 март ҳолатига кўра, мамлакатларда қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи қуйидаги кўрсаткични ташкил этган (1 кг учун АҚШ долларида):

  • Ўзбекистон — $3,16;
  • Польша — $2,79;
  • Украина — $2,60;
  • Тожикистон — $2,29;
  • Молдова — $1,61;
  • Грузия — $1,16.

Шунингдек, ўтган ҳафтада пушти иссиқхона помидорлари нархи ҳам кўтарилган, аммо ўсиш суръати қизил думалоқ иссиқхона помидорига қараганда анча паст бўлган. Хусусан, 17 мартдан 24 мартгача Ўзбекистонда пушти иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи 33 минг сўмдан 36 минг сўм/кг га ($2,89 дан $3,16 га), яъни 9,1 фоизга кўпайган.

Охирги бир ярим ой давомида ушбу маҳсулотлар нархларининг барқарор ошиб бориши ҳисобига 10 февралдан 24 мартгача Ўзбекистонда пушти иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи 1,8 баробарга қимматлаган, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда иссиқхона помидорининг нархи кескин кўтарилгани ва бунинг сабаби сифатида январь ойидаги аномал совуқ пайтида иссиқхоналарда ҳосилнинг нобуд бўлгани айтилганди. 10 мартга қадар қизил помидорнинг улгуржи нархи 27 минг сўмга, пушти ранглиси эса 33 минг сўмгача кўтарилганди.