Шарқий Европа ва Марказий Осиё ҳудудларида мева, сабзавот, ёнғоқ ва резавор бозори ҳақида маълумотлар берувчи EastFruit порталига кўра, Ўзбекистонда иссиқхона помидорлари нархи сўнгги ойда 50 фоизга, йил бошидан бери эса салкам 70 фоизга ошди.

Бозор иштирокчиларининг фикрича, бунинг асосий сабаби январь ойидаги аномал совуқ пайтида иссиқхоналарда катта ҳосил бой берилгани ҳисобланади. Қолаверса, ушбу экиннинг вегетация даври ҳисобга олинса, яқин орада мазкур турдаги маҳсулот нархи сезиларли даражада пасайиши эҳтимоли кам.

Қизил помидорлар

2023 йил январь ойининг иккинчи ўн кунлигида қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача нархи 1 кг учун 12 000 сўмдан 19 000 сўмга, яъни, икки ҳафта ичида 27% га ошди. Январь ойининг учинчи ўн кунлигида совуқлар аста-секин чекиниб, шу ой охирида ҳарорат кундуз куни ва кечаси ноль даражадан юқорига кўтарилди. Ушбу маҳсулотнинг улгуржи нархлари январь ойининг учинчи ўн кунлигида тахминан 19 000 сўм/кг даражасида сақланиб тургач, яна ўса бошлади.

аномал совуқ, помидор

3 февралдан 10 мартгача помидорнинг ўртача улгуржи нархи бир килограмми учун 18 минг сўмдан 27 минг сўмга, яъни 50 фоизга ошди.

3 февралдан 10 мартга қадар қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 18 000 дан 27 минг сўмгача, яъни, 50% га ўсди. Оқибатда 2023 йил бошидан 10 мартга қадар ушбу маҳсулотнинг улгуржи нархлари 80 фоизга ошди.

10 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасига нисбатан 1,5 баробар ва 2021 йилнинг шу санасига нисбатан қарийб 2 баробар юқори бўлди.

Пушти помидорлар

Пушти иссиқхона помидорининг улгуржи нархлари динамикаси шуниси билан фарқлики, январь ойи ва февраль ойининг биринчи ўн кунлигида ушбу маҳсулот нархи нисбатан барқарор бўлган бўлса-да, сўнгги бир ойда кескин ошган. 10 февралдан 10 мартга қадар пушти иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 20 минг сўмдан 33 минг сўмгача, яъни, бир ой ичида 65% га кўтарилди.

а.

аномал совуқ, помидор

10 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда пушти иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасига нисбатан 2,8 баробар ва 2021 йилнинг шу санасига нисбатан 2,2 баробар юқори бўлди.

Ўзбекистон мева-сабзавотларининг йирик экспортёрларидан бири GDF Export компанияси тижорат директори Ҳусан Ҳайдаровнинг сўзларига кўра, январь ойидаги аномал совуқлар Ўзбекистонда иссиқхона помидори нархининг кескин ошишида асосий катализатор вазифасини ўтади.

«Январь ойининг иккинчи ўн кунлигида Ўзбекистонда кузатилган аномал совуқ ҳаво туфайли кўплаб иссиқхоначилар помидор ҳосилини бой берди. Совуқ пайтида кўплаб иссиқхона мажмуаларида газ босими кескин пасайди, чунки бу даврда бутун мамлакат бўйлаб табиий газ тақчиллиги мавжуд эди. Табиийки, ушбу иссиқхоналарда ҳарорат тушиб кетди, яъни ҳарорат помидор ўсимлиги учун зарур бўлган меъёрлардан сезиларли даражада паст бўлиб, бу экиннинг нобуд бўлишига олиб келди», — деди у.

«Бизнинг тахминий ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда помидор ҳосилининг бой берилиши ўрта ҳисобда 50% дан 70% гачани ташкил этмоқда. Энг кўп зарар Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳамда Фарғона водийсидаги иссиқхоналарда кузатилган», — дея тушунтирди тадбиркор.

Бундан ташқари, бу экиннинг вегетация даври 85 дан 140 кунгача давом этади. Совуқдан кейинги нисбатан илиқ ҳарорат эса январь ойи охири ва февраль ойи бошларига келибгина кузатилди. Шу омиллар инобатга олинса, яқин келажакда Ўзбекистонда помидор нархи, албатта, агар арзонроқ нархларда импорт бўлмаса, сезиларли даражада пасайиши эҳтимоли кам, деб тадбиркорнинг хулосасини келтирди EastFruit портали.

Қайд этиш жоизки, иссиқхона помидори Ўзбекистон мева-сабзавот сегментидаги асосий экспорт позицияларидан бири ҳисобланади. 2022 йилда 57,8 миллион долларлик 76,4 минг тонна ушбу маҳсулот хорижга экспорт қилинган.

Январь ойидаги совуқлар туфайли иссиқхона помидорлари нархининг тез кўтарилиши, ўз навбатида, ушбу маҳсулотлар экспортининг сезиларли даражада пасайишининг асосий сабабларидан биридир. Дастлабки расмий статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон 2023 йилнинг январь ойи бошидан март ойининг биринчи ўн кунлиги охиригача 9,2 минг тонна янги иссиқхона помидорини экспорт қилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36 фоизга кам, деб ёзади портал.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, январь-февраль ойларида помидор нархи 17,4 фоизга ошган. Март ойи учун маълумотлар ой охиригача тақдим этилади.

Январь ойида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги очиқ расталарда сақланадиган пиёзлар музлаб қолганини тасдиқлаган. Нарх ошишига ёнилғи етишмаслиги сабабли етказиб беришдаги узилишлар ҳам таъсир кўрсатгани билдирилган. Мамлакатда пиёз захираси мавжуд ва маҳсулотни четга сотиш 4 ойга тўхтатилган.