Германия Қуролли Кучлари Термиз аэропортида хавфсизлик ва кузатув технологиясини халқаро авиация стандартларига мос равишда янгилашни молиялаштирди. Бу ҳақда Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг Тelegram-каналида хабар берилди.

Ушбу технологиялар 12 км дан ортиқ узунликдаги ташқи тўсиқ бўйлаб, шунингдек, аэропортдаги операцион марказда ўрнатилади. Булар учун 1 млн евродан ортиқ маблағ ажратилди.

«Жорий ҳафта Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси ҳарбий атташеси аэропортдаги монтаж ишларининг якунланишини шахсан кўришга муваффақ бўлди, — дейилади элчихона хабарида. — Термиз халқаро аэропортини модернизация қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар бизда катта таассурот қолдирди ва бунга самарали ҳисса қўшганимиздан мамнунмиз».

Элчихона маълумотларига кўра, 2002−2015 йилларда Германия Қуролли Кучлари Афғонистондаги халқаро миссияси доирасида Термиз аэропортидан ҳаво транспорти учун стратегик марказ сифатида фойдаланган.

«Аммо Германия Қуролли Кучлари олиб чиқиб кетилганидан кейин ҳам биз замонавий халқаро тижорат аэропортига айланиш йўлида ушбу аэропорт билан чамбарчас боғлиқмиз», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил август ойида Афғонистонда Толибон ҳокимият тепасига келганидан сўнг Германия ва қатор Ғарб давлатлари Термиз аэропорти орқали Кобулдан ўз фуқароларини эвакуация қилишни ташкил этган эди. Умуман олганда, Германия қуролли кучлари Афғонистондан 5300 дан ортиқ одамни, жумладан камида 45 давлат фуқароларини 37 та парвозни амалга оширган ҳолда эвакуация қилди.

Эвакуация миссияси якунида Германия Мудофаа вазирлигининг собиқ раҳбари Аннегрет Крамп-Карренбауэр Ўзбекистонга ташриф буюрди ва у Ўзбекистонга «жуда кескин вазиятда» кўрсатаётган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.