27 март куни АОКАда Билимни баҳолаш агентлигининг раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда қоидаларни бузган абитуриентлар 5−7 йилгача тестдан четлатилиши мумкинлиги борасида 2022 йилда илгари сурилган режанинг ҳозирги ҳолати ҳақида савол берилди.

Хусусан, ўша пайтда Давлат тест маркази номи остида фаолият юритган ташкилотнинг директори Мажит Каримов жараёнларда қоидаларни бузган абитуриентлар имтиҳонда бир неча йил қатнашиши тақиқланиши мумкинлиги ҳақида гапирганди.

«Айни кунларда Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура билан ҳамкорликда хорижий тажрибани ўрганяпмиз. Қўпол қоидабузар абитуриентларни 5−7 йилгача кейинги имтиҳонларда иштирок этиш ҳуқуқини чекловчи норматив ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда», — деганди у.

Аниқлик киритилишича, ушбу таклиф Адлия вазирлиги томонидан рад этилган.

«Бу бўйича Адлия вазирлигига ҳужжатлар тақдим этилганди. Вазирлик томонидан бу „инсон ҳуқуқларига тўғри келмайди“ деган важ билан тўхтатилди. Ҳуқуқ-тартибот бўйича Адлия асосий вазирлик бўлгани учун биз уларга эътироз билдиролмаймиз. Лекин жаҳон тажрибасида бу нарса мавжуд», — дея жавоб қайтарди Мажит Каримов.