АОКАда Давлат тест маркази раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда ДТМ директори Мажит Каримовнинг маълум қилишича, жорий йилда 50 га яқин турдаги тест синовларида 2 млн нафарга яқин талабгор тест синовидан ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Олий таълим муассасаларининг бакалавриати таълим йўналишларига кириш тест синовларида 1 млндан ортиқ абитуриент иштирок этиши кутилмоқда.

Мажит Каримовнинг сўзларига кўра, ўтган йилда ДТМ томонидан 46 турдаги тест синови ўтказилган. Уларда иштирок этиш учун 1 млн 792 минг 40 нафар номзод онлайн рўйхатдан ўтган. Жумладан, олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилиш бўйича 1 009 663 нафар абитуриент онлайн рўйхатдан ўтган бўлса, улардан 892 242 нафари (94,1%) бевосита тест синовида иштирок этган.

Давлат гранти асосида ўртача ўтиш бали — 125,4 баллни, тўлов-контракт асосида ўртача ўтиш бали — 101,7 баллни ташкил этган.

Тест синови ўтказиш жойи ҳақида

ДТМ директорининг таъкидлашича, бу бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан ҳамкорликда 2 хил сценарий асосида 94 та катта сиғимли павилонлар ҳамда 53 та стадион ва хиёбонлар танлаб олинган. Уларнинг чизма лойиҳалари тайёрланиб, тегишли ташкилотлар билан келишилмоқда.

Чет тилини билиш бўйича ижодий имтиҳонлар ҳақида

Вазирлар Маҳкамасининг «Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги [34-сон] қарорига мувофиқ республикадаги 6 та олий таълим муассасаларининг фанлар мажмуасига чет тили биринчи фан сифатида киритилган бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларида тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини аниқлаш ва баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳонлар Давлат тест маркази томонидан ўтказилиши белгиланган.

Мажит Каримовнинг сўзларига кўра, қайд этилган 6 та таълим муассасаларига ҳужжат топширадиган абитуриентларнинг сони 40 мингга яқин бўлиши прогноз қилинмоқда. Бунда, инглиз тили бўйича имтиҳонлар 34 мингга яқин абитуриентлардан компьютерда онлайн тарзда ўтказиш, бошқа чет тиллари бўйича 6 мингга яқини учун қоғоз шаклида ўтказиш режалаштирилмоқда.

Тест топшириқлари ҳақида

ДТМ директори 12 та умумтаълим фанидан қўшимча 90 мингга яқин, қардош тиллардан 8 мингдан ортиқ, шарқ тиллари ҳамда испан ва италян тилларидан 5 мингдан ортиқ, 35 та махсус фандан 15 мингдан ортиқ тест топшириқлари базаси шакллантирилишини маълум қилди.

«Чет тилларидан 15 минг нафардан ортиқ, чет тиллари ўқитувчиларига устама ҳақ белгилаш бўйича 10 минг нафардан ортиқ талабгор учун тест синовлари ўтказилади.

Тест тизимини такомиллаштириш бўйича ÖSYM (Туркия), Қозон Федерал университети (Россия) билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Cambridge assessment international education (Буюк Британия), CITO International (Нидерландия) билан имзолаш режалаштирилган", — деди Каримов.

Тест синовларида инсон омили камайтирилади

ДТМ раҳбари тест синовлари жараёнидаги инсон факторини камайтириш мақсадида ахборот-коммуникация технологияларини қўллашда сунъий интеллект элементларидан фойдаланиш жорий этилишини маълум қилди.

Унинг айтишича, чет тилларидан тест синовларига халқаро стандартлар асосида кўп даражали (multilevel) тест тизими жорий этилади ва 5000 нафардан ортиқ талабгорга синовларни онлайн топшириш имконияти яратилади.

Учта вилоятда тест синовларини йил давомида ўтказишга мўлжалланган бинолар қурилмоқда

ДТМ директори Мажит Каримовнинг сўзларига кўра, тест синовлари натижаларини эълон қилиш муддати 3 ҳафтадан 1 ҳафтагача қисқартирилди.

«Бухоро вилоятида тест синовларини йил давомида ўтказишга мўлжалланган 1000 ўринли бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Айни кунларда Наманган, Андижон, Самарқанд вилоятларида шундай биноларнинг қурилиши кетмоқда», — дейди у.

Янги my.dtm.uz сайти яратилди

«Янги my.dtm.uz сайти яратилди. Олдинги сайтдан фарқи кўриниши ва code optimation структураси ўзгарди. Давлат тест марказига тегишлий хизматлар битта домен остига келтирилиб, қўшимча сервиcларни қўшиш, қўллаш онсонлашди», — дейди ДТМ раҳбари.

Унинг таъкидлашича, my.dtm.uz платформасидан рўйхатдан ўтмасдан туриб хизматлар ҳақида маълумотга эга бўлиш мумкин.

«Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси томонидан бериладиган имтиёзлар ва Ногиронлиги бор шахслар бўйича уларнинг имтиёзлари базаси платформа билан интеграцияси қилинмоқда», — дейди Каримов.

Қоидаларни бузган абитуриентлар 5−7 йилгача тестдан четлатилиши мумкин

ДТМ директори Маджит Каримовнинг таъкидлашича, ҳозирда тестга жараёнларида қоидаларни бузган абитуриентлар имтиҳондан четлатилади.

«Айни кунларда Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура билан ҳамкорликда, хорижий тажрибани ўрганяпмиз. Қўпол қоидабузар абитуриентларни 5−7 йилгача кейинги имтиҳонларда иштирок этиш ҳуқуқини чекловчи норматив ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда», — деган Маджит Каримов.