2023 йил 1 март ҳолатига солиқ органларида ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномалари сони 307 063 тани ташкил этди, дея хабар бермоқда Давлат солиқ қўмитаси.

Унга кўра, жисмоний шахслар ўртасида тузилган 228,5 мингта ижара шартномалари асосида 21,7 млрд сўм даромад солиғи ҳисобланиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ижара шартномалари сони 53,7 фоизга ва ҳисобланган даромад солиғи суммаси 34,4 фоизга ошган.

Юридик шахслар ўртасида тузилган 78,5 мингта ижара шартномалари асосида 39,8 млрд сўм даромад солиғи ҳисобланиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ижара шартномалари сони 25,9 фоизга ва ҳисобланган даромад солиғи суммаси 35,6 фоизга ошган.

Қайд этилишича, талабалар билан тузилган ижара шартномалари сони — 50 976 та, ижарада турувчи талабалар сони — 83 018 нафарга тенг.

Солиқ тўловчининг уй-жойларни талабаларга ижарага беришдан олган даромадлари солиқдан озод этилган. Уларга даромад солиғидан 7,8 млрд сўм имтиёз қўлланилган, дея қайд этган қўмита.