Интерпол томонидан қидирилаётган шахс Швециядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди, деб хабар бермоқда ташкилотнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Интерпол ходимлари томонидан халқаро қидирувда бўлган шахсни экстрадиция қилиш Швециядан биринчи марта амалга оширилди.

Қидирилаётган эркак бир гуруҳ шахслар билан биргаликда ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали кўчмас мулкни сотиш билан шуғуллангани ва ўзининг ушбу фирибгарлик ҳаракатлари орқали катта моддий зарар етказгани айтилмоқда.

Олинган маълумотларга кўра, бу шахс Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳудудида яширинган, аммо тезкор-қидирув тадбирлари давомида Швеция ҳудудида аниқланган ва ҳибсга олинган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг экстрадиция тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилганидан сўнг у Интерпол ММБ ходимлари ҳамроҳлигида Ўзбекистонга олиб келинган.