Тбилиси шаҳрида (Грузия) давом этаётган дзюдо бўйича «Катта дубулға» турнирининг биринчи кунида ўзбекистонлик спортчи Диёра Келдиёрова олтин медални қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

52 килограммгача бўлган вазн тоифасида иштирок этган самарқандлик дзюдочи барча беллашувларни муддатидан аввал якунлаб келаётганди, финалда Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Дистрия Красничини 40 сонияда мағлуб этди.

Бу Келдиёрова учун «Катта дубулға» турнирларидаги тўртинчи олтин медаль ҳисобланади. Ушбу ғалаба орқали у жаҳон рейтинги учун 1000, Париж-2024 йўлида 500 очкони ўз ҳисобига қўшиб қўйди.