Табиат ресурслари вазирлиги БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТ Қочқинлар бўйича агентлиги ва БМТ Европа Иқтисодий комиссияси билан ҳамкорликда минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиш мақсадида афғонистонликлар ва ўзбекистонликларларни жалб этган ҳолда бажарилаётган ўрмонлаштириш лойиҳаси натижалари билан танишиш мақсадида Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастури матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

«Лойиҳа Афғонистон билан чегарадош Сурхондарё вилоятидаги фавқулодда гуманитар эҳтиёжларни Ўзбекистондаги афғон қочқинлари ва мезбон жамоаларнинг заиф қатламларини „меҳнат учун пул тўлаш“ ва бошқа тўлов механизмлари орқали ўрмонзорлар барпо этиш ишларига жалб этиш орқали қаноатлантиришга қаратилган. Бу чангли бўронлар, уларнинг аҳоли ва иқтисодиётга зарарли таъсири каби долзарб экологик муаммоларни ҳал этиш билан бирга Сурхондарёда маҳаллий жамоаларнинг барқарорлигини ошириш имконини беради», — дея тушунтирди БМТТД.

бмт, сурхондарё

Лойиҳа тадбирлари натижасида Сурхондарё вилоятида (Термиз шаҳри, Термиз, Жарқўрғон ва Шеробод туманларида) янги ташкил этилган 100 гектар яшил камар, яшил боғ ва яшил ижтимоий боғларга кўчатлар экилди. 2022 йил охирига келиб лойиҳага 413 нафар афғон қочқинлари (113 нафар аёл, 300 нафар эркак) ва мезбон жамоанинг 194 нафар аъзоси (62 нафар аёл, 132 нафар эркак) жалб қилинган.

Ташриф доирасида делегатлар маҳаллий ҳокимликлар вакиллари ва бошқа ҳамкорлар билан учрашиб, эришилган натижалар ва лойиҳа барқарорлигини таъминлаш бўйича ечимларни муҳокама қилди, Жарқўрғон туманидаги «Янги Ўзбекистон» турар-жой мажмуаси атрофидаги яшил ҳудуднинг очилиш маросимида иштирок этдилар ва Термиз туманидаги ўрмонлаштириш майдонида бўлди.

БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг Марказий Осиё бўйича вакили Ҳанс Фридрих Шоддер шундай деди: «Иқлим ўзгариши ҳаммага, ҳам туб аҳолига, ҳам кўчирилган шахсларга бирдек таъсир қилади. Экологик инқирознинг таъсири тобора кучайиб бораётгани сабабли, биз жамоаларнинг мослашувга нисба тан барқарорлигини ошириш ва салбий таъсирларга қарши курашиш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Бизнинг лойиҳамиз кўчирилган шахслар ва мезбон жамоалар ўзлари яшайдиган ҳудудни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштираётганларининг ёрқин мисолидир».

бмт, сурхондарё

БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Матилда Димовска, айтишича, «Дарахтлар экиш, уларга қараш ва парвариш қилиш кенг кўламли инсон ресурслари ва тизимли илмий тадқиқотлар ўтказилишини талаб қилади. Биз Ўзбекистон ҳукумати ва Ўзбекистон халқининг экологик, молиявий ва ижтимоий омилларни ҳисобга олган ҳолда „Яшил Макон“ ташаббуси муваффақияти ва барқарорлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз. Бу ташаббус кўчат экиш билангина чекланмайди, у айни дамда иш ўринлари яратиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, углерод чиқиндиларини камайтириш ва умуман, нафақат Ўзбекистон халқи, балки қўшниларимиз ва барчамиз яшаб келаётган бутун сайёрамиз фаровонлигини оширишга қаратилган».