Бош прокуратура томонидан энергия ресурсларини талон-торож қилинишини олдини олишда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш мақсадида махсус Telegram-бот — @EnergonazoratBot ишлаб чиқилди, дея хабар бермоқда идора матбуот хизмати.

Бот ишга туширилгандан сўнг ўзбек ёки рус тилини танлаш мумкин. Сўнгра ҳудуд танланади, унда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар кўрсатилган. Шу тариқа манзилни кўрсатиб, ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ фотосуратни юбориш мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев 13 март куни Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолаганди.

Унга кўра умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр энергиясини, табиий газни, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан талон-торож қилиш ўғрилик деб белгиланди. Мазкур ҳуқуқбузарлик учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.