Вайнер Dili.me ва унинг шерикларига фуқарони калтаклагани учун жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

23 январь куни Dili.me номи билан танилган вайнер Дилшод Ўразбоев шериклари билан «жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан», фуқаро П.А.ни уриб, тан жароҳати етказганликда гумонланмоқда. Ҳолат юзасидан Яшнобод тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

«Жиноят иши бўйича гумонланувчи бир неча маротаба чақиртирилишига қарамасдан, терговга келишдан бўйин товлаб келган. Шу сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинган», — дейилади хабарда.

Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида у 10 март куни ушланиб, терговга жалб қилинган. Ҳозирда туман ИИО тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, Дилшод Ўразбоевнинг куёви (синглисининг эри) калтакланган.

Агар судда айблов ўз исботини топса, гумонланувчилар базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача (15 млн сўмдан 30 млн сўмгача) миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.