Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ҳокимлиги мактаб директори ва директор ўринбосари иштирокида тренддаги қўшиққа ["За деньги да" қўшиғи] видео олингани юзасидан муносабат билдирди.

Юқоридаги ҳолат юзасидан туман халқ таълими бўлими мудири томонидан 91-мактаб директори ва унинг ўринбосарлари билан суҳбат уюштирилди.

Аниқланишича, ҳолат 8 март куни байрам муносабати билан ҳазил тариқасида олинган ва мактаб ўқитувчилари орасида намойиш қилинган.

«Мактаб директори ва ўринбосарларига ҳолат бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиб, бу каби ҳолатлар бошқа қайтарилмаслиги бўйича жиддий огоҳлантириш бериб ўтилди», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Журналист Никита Макаренкога келиб тушган мурожаатга кўра, видеороликда қатнашган ўқитувчилардан бирини ишдан бўшатишмоқчи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ TikTok`да Тошкентдаги ўқувчи қизларнинг машҳур «За деньги да» қўшиғига қалбаки долларларни сочган ҳолда ўйнагани акс этган ҳазиломуз видеоси тарқалган. Пойтахт халқ таълими бош бошқармаси ҳолат бўйича қизларнинг ота-онаси узр сўраганини ва рақс «миллий урф-одатларга тўғри келмаслигини» билдирган.

«Газета.uz» эса ҳолат юзасидан суриштирув ўтказган. Натижада ўқувчи қизларнинг TikTok`даги видеосида ҳуқуқбузарлик аниқланмаган ва ХТББ баёноти асоссиз бўлиб чиққанди.