Тармоқларда Тошкентнинг Чилонзор туманидаги 181-мактабнинг 9-синф ўқувчилари Инстасамка номи билан танилган россиялик эстрада хонандаси Дарья Зотееванинг «За деньги да» қўшиғига қалбаки долларларни сочиб ўйнагани акс этган ҳазиломуз видео тарқалди.

Аввалига мазкур видео Telegram каналларда турли сарлавҳа ва изоҳлар, шу жумладан, «тиктокчи мақтанчоқ қизлар» номлари остида тарқала бошлади. Шундан сўнг, 28 февраль куни мактабда ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, ИИО ва Чилонзор туман Халқ таълими бўлими ходимлари иштирокида профилактик суҳбат ўтказилди.

Пойтахт Халқ таълими бош бошқармаси хабарига кўра, «йиғилишда ўқувчи-қизларнинг юқоридаги хатти-ҳаракатлари одоб-ахлоқ қоидаларига зид экани, миллий урф-одатларга тўғри келмаслиги яна бир бор тушунтириб ўтилган». Қолаверса, ўқувчилардан бирининг онаси қизларнинг «чуқур моҳиятини англамасдан» видео тарқатгани учун ота-оналар номидан мактаб маъмуриятидан узр сўраган.

Бироқ хабарда қизларнинг айнан қайси хатти-ҳаракати «миллий урф-одатларга тўғри келмаслиги ёки одоб-ахлоқ қоидаларига зид эканлиги» аниқ кўрсатиб ўтилмаган.

Шу боис, «Газета.uz» турлича талқин қилинаётган ушбу видео юзасидан тўлиқроқ маълумот тўплаш мақсадида Чилонзор туманидаги 181-мактабга бориб, суриштирув ўтказди. Суҳбат давомида мактаб психологи Гулжаҳон Мансурова ўсмир ёшдаги болалар ўзининг «мени»ни топиш йўлида бор иқтидорини намойиш қилишга уринишларини маълум қилди.

Гулжаҳон Мансурова. Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz».

«Булар ана шу роликлари орқали ўзларининг иқтидорлари, ижодкорлигини ифода қилишмоқчи бўлган. Психолог сифатида уларнинг ишини қоралай олмайман. Бу ўқувчиларимиз мактабимизнинг энг яхши, аълочи, ҳар томондан ўзини кўрсата олган ўқувчиларимиздир. Яъни, бу ўқувчиларимизнинг 3 нафари актёр, актриса бўлишга жуда қизиқишади. Бу видеони интернет тармоқларига жойлаганлиги — болаларнинг катта хатоси, дея олмайман. Чунки улар айнан шу [балоғат] ёшида, ўзларининг ишларини тўғри деб билишади. Бир мутахассис, бир она сифатида болаларнинг (йиғилиш ва интернетдаги муҳокамалардан кейинги — таҳр.) бугунги ҳолатини ижобий баҳолай олмайман», — деди у.

Қайд этиш жоизки, ҳозир интернетда Инстасамканинг мазкур қўшиғи остида ҳар хил ҳазиломус видеолар жойлаштириш урфга айланган. Бу борада блогер Нурбек Алимов ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди.

«Қизларни манави беғубор болаларча видеолари сабабли Маънавият корпуси қўриқчилари уларнинг ота-оналарини узр сўраттириб чиқишибди. Шундоқ ҳам санъат ўлиб ётибди, талант чиқди, эзиб ўлдиришади булар. Қолибга тиқаман, пишириб ейман дейишади», — дея танқид қилди блогер.

Унинг пости остида ҳам кўпчилик қизларни қўллаб-қувватлаган. Кимдир, видео ўзбек сегментидаги клиплардан яхшироқ чиққанини айтса, яна кимдир ота-оналари нима учун узр сўрагани, улар қандай ҳуқуқбузарлик қилганини савол остига олган.

181-мактаб, гулжаҳон мансурова, иқтидорли ёшлар, пойтахт хтбб, тикток, ўқувчи қизлар, шербек шохўжаев, эркин холбобоев

«Баъзи бир блогерларнинг тармоқларида негатив сарлавҳада мактаб маъмурияти, ўқитувчилар, ўқувчилар номига ҳар хил салбий сўзлар ёзилган. Лекин мен мутахассис сифатида 16 йиллик тажрибамдан келиб чиқиб, болаларнинг бугунги қилган ишини айнан балоғат ёшидаги хос ҳислатлари ва ўзларига мос бўлган шўхликлари деб аташим мумкин. Қайсидир маънода бизнинг менталитетимизга мос эмас деб баҳоланган видео ролик, улар учун иқтидорини намойиш қилиш билан ифодаланаяпти», — деди Гулжаҳон Мансурова.

181-мактаб, гулжаҳон мансурова, иқтидорли ёшлар, пойтахт хтбб, тикток, ўқувчи қизлар, шербек шохўжаев, эркин холбобоев

Гулжаҳон Мансурова. Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz».

«Ҳурматли блогерлар, интернет тармоғида фаолият олиб бораётган ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз, сизнинг фарзандларингизнинг ҳам ҳар хил қобилиятлари мавжуд. [Улар] ана шу қобилиятларини ҳар хил ифодалайди. Кимдир пазандачилик, кимдир расм чизиш орқали, умуман олганда ўқувчилар иқтидорини турли ҳолатда намойиш қилади. Албатта, бу уларга ҳар қандай видео олишга рухсат дегани эмас… Бундай видеороликларнинг бир нечтасини кўриб чиқдим. Ва шундан келиб чиқиб айтишим мумкин, [ўқувчиларнинг видеоси] жуда ҳам чиройли ишланган, кетма-кетлик тўғри танланган. Болалар иқтидори ва қизиқишларини видеода чиройли жойлаб ҳам беришган», — деди у.

Бундан ташқари, «Газета.uz» ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида пойтахт Халқ таълими бош бошқармасига 2 кундан бери боғланишга ҳаракат қилмоқда. Аввалига болаларнинг хатти-ҳаракатлари одоб-ахлоққа зидлигини уқтирган бошқарма матбуот хизмати раҳбари Эркин Холбобоев энди изоҳ беришдан бош тортмоқда. У телефон рақамини берган Чилонзор туман ХТБ раҳбари Собир Эргашевич эса интервью бермаслигини уқтиришга уринди ва кейинги қўнғироқларга жавоб бермай қўйди.

Қизиғи, илк суҳбат чоғида Эркин Холбобоев болаларнинг ота-оналари жаримага тортилишини ҳам ишонч билан таъкидлаганди. Мазкур иш билан шуғулланган туман ИИБ ходими Шербек Шохўжаев эса бунинг аксини, яъни болалар ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик содир этмаганини қатъият билан маълум қилди.

181-мактаб, гулжаҳон мансурова, иқтидорли ёшлар, пойтахт хтбб, тикток, ўқувчи қизлар, шербек шохўжаев, эркин холбобоев

Шербек Шохўжаев. Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz».

«Ўрганиш жараёнида ўқувчиларнинг хатти-ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланмади ҳамда жамоат тартиби бузилмади. Ўқувчиларнинг ота-оналарига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилмади. Улар намунали ўқувчилар сафида турганлиги маълум бўлди», — деди Чилонзор тумани ИИБ Вояга етмаганлар масаласи бўйича катта инспектор-психологи, катта лейтенант Шербек Шохўжаев.

Мазкур видеони одамлар ўзининг турли хил шахсий қарашлари орқали таърифлаётгани ва изоҳлар қолдираётгани биринчи галда болаларга салбий таъсир кўрсатган, дея қўшимча қилди мактаб психологи Гулжаҳон Мансурова.

Қолаверса, ота-оналар ва ўқувчилар билан ўтказилган тушунтириш ишларида ёшларнинг кўнглигини ўкситиб қўймасликка ҳаракат қилингани таъкидланди. «Тушунтириш ишларида ўқувчиларнинг шахсиятига тегмаган ҳолатда тўғри тушунчалар бердик», — деди психолог.

Унинг сўзларига кўра, болалар ҳозир тушкун кайфиятда. Ҳозирда уларнинг кайфияти ва иштиёқини кўтаришга ҳаракат қилишмоқда.

«Улар ҳозир жим бўлиб қолишган. Қайсидир маънода уларнинг [ҳаётдан] мақсадлари йўқолиб қолгани сезиляпти. Уларда озгина тушкунлик [кайфияти] бор, шу билан бирга, болалар яккаланиб ҳам қолди. Худо хоҳласа, биз болалар билан ишлаймиз, тренинглар ўтказамиз. Чиройли мусобақалар ташкил қиламиз. Албатта ўртоқлари орасига қўшишга, жипслашишларига ҳаракат қиламиз», — деди психолог Гулжаҳон Мансурова.

Мактаб директори Малоҳат Сабурова эса ўқитувчиларга ушбу ўқувчилар билан мулоқот давомида уларнинг руҳий жиҳатдан шахсиятларига тегмаслик, ўқишга бўлган қизиқишини сўндириб қўймаслик ҳақида тушунтиришлар берилганини таъкидлади.