Президент Шавкат Мирзиёев 13 март куни Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида «Ўзбекистон қайси томонда?» деган саволга жавоб берди. Гап Россиянинг Украинага қарши уруши ҳақида кетмоқда. Давлат раҳбарининг жавоби акс этган видеони унинг матбуот котиби Шерзод Асадов эълон қилди.

«Замон жуда мураккаб, ҳозир катта-катта давлатлар Ўзбекистон, сен ким томондасан, деяпти. Нейтрал бўлиб юришинг бўлди энди, ё у томонга, ёки бу томонга ўтгин. Қаттиқ-қаттиқ айтиб, вакиллари ҳам келиб, ўзлари ҳам шунга даъват қиляпти. Бизга керак Ўрта Осиёда Ўзбекистон. [Аҳолиси] 36 миллион бўлди, 3−4 йилда 40 миллион бўлади, катта давлат бўлади, ким томонсан, деяпти. Қани, бундай оғир саволга қандай жавоб бериш керак?!» — деди у.

«Жавобим битта — бир томонман. Миллатим, халқим буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман, деб жавоб бераман», — деди президент.

Президент қайси давлатлар Ўзбекистондан ўз тарафини танлашни сўраётганига аниқлик киритмади.