Президент ўзининг 10 мартдаги фармони билан билан Меҳриддин Раззоқович Абдуллаев Ўзбекистон Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланди, дея хабар қилди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Меҳриддин Абдуллаев (1969 йилда туғилган) 2020 йил январидан 2023 йил мартигача «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси лавозимида ишлаган. Ҳозирда мазкур компанияга яна Баҳодиржон Сидиқов раҳбар бўлган.

2017−2020 йилларда Ўзбекистон Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. Тошкент давлат иқтисодиёт университети (1993) ва Тошкент давлат юридик институти (2005) битирувчиси.

Аввалроқ, 2016 йилдан буён Бухоро вилояти ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва ёшлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосари, 2017 йилда эса ҳокимликлар бошқарув тузилмаси янгилангандан сўнг вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлган.

2010−2012 йилларда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижрочи директори, 2012−2015 йилларда молия вазири ўринбосари, 2015−2016 йилларда Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ижрочи директори лавозимларида ишлаган.

2006−2010 йилларда Ўзбекистон Миллий банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, 2003−2006 йилларда Марказий банкнинг Бухоро вилояти бўйича бош бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.