«Газета.uz» тарихда ном қолдирган, маънавий-илмий мероси билан келажакка таъсир кўрсатолган, сиёсат майдонида овози, ўрнига эга аёллар ҳақида ҳикояларни давом эттиради. Бу сафарги ҳикоя Италия тарихидаги илк шифокор аёл, дунё педагогика системасида инқилоб ясаган ва миллионлаб инсон келажагига таъсир кўрсатган тарбиячи Мария Монтессори ҳақида.

«Қиз бола ўқиса, фалокат юз беради!»

Бир замонлар хотин-қизларнинг ўқиб-ўрганиши, таҳсил олиши бугунги илғор Европада ҳам қаттиқ қораланган, тақиқланган ва ҳатто аямай таҳқирланган. «Хотин деганининг вазифаси уй-рўзғорни бошқариш, бола туғиш, боқиш ва майда-чуйда ишларни бажариш» қабилидаги бирёқлама қараш XIХ асрда ҳам одатий ҳол эди. Кимдир университетга кираман деса, боши таъна-маломатдан чиқмаган. Аммо жамият қолипларини бузиб, аёллар ҳам эркаклардек илм-фан, сиёсат, бошқарув, касб танлашда тенг эканини исботлаганлар аср манзарасини бутунлай ўзгартириб қўяди. Италия тарихидаги биринчи шифокор, ўша замон университетида таҳсил олган ягона қиз талаба Мария Монтессори ўзидан кейинги аёлларга йўл очган, догматик қарашларни парчалаган педагогдир.

Фото: Association MontessoriФото: Association Montessori

1870 йилнинг августида Италиянинг Кьярвалле шаҳарчасида туғилган Мария хоним эсини таниб, йўлини топгунича қаттиққўл ҳисобчи отасидан бекитиқча билим олишга мажбур бўлган. «Қиз бола ўқиса фалокат юз бериши»дан чўчиган ота фарзандининг ўқишга муккасидан кетишини кўпам хушлайвермасди. Бироқ тадбирли, ўзи мактаб кўрмаган бўлса-да, мутолаадан узилмаган она қизини доим қўллаб-қувватлаган.

13 ёшида Микеланжело Буенаротти номидаги техника мактабида арифметика, итальян тили, алгебра, геометрия, ҳисоб илми, тарих ва географияни ўрганган қизалоқ дугоналаридек классик фанлар ўқитиладиган институтни эмас, балки техника фанлари чуқур ўргатиладиган даргоҳни танлайди. «Муҳандис бўлмоқчиман!» деб дилидагини тилига кўчирса, сазойи қилинишгача етадиган паллада улғайган Мария орзусини айтишдан қўрқмайди. Лекин институтни тамомлаш арафасида фикридан қайтиб, шифокор бўлишга аҳд қилади.

Университет ҳаёти ҳам осон кечмайди: курсдош йигитлар мазахи, профессорлар истеҳзоси, совуқ муносабат, очиқдан очиқ таҳдидлардан эсон-омон ўтишнинг ўзи бўлмайди. Айниқса, мурдани ёриб кўриш дарсларида қатнашишни раҳбарият қатъий рад этса-да (жасадлар яланғоч бўлгани учун), дам олиш кунлари ҳаммадан бекитиб ёлғиз ўзи одам организмини ўрганади. Ўлик ҳиди, формалин иси уст-бошига ўтирмаслиги учун ҳар дарсдан кейин тамаки тутатиб, бировда шубҳа қолдирмасликка тиришади.

Руҳини пармалаб, шаштини сўндиришга минг уринишмасин, ўқишнинг биринчи йилини юқори баҳо билан тамомлайди ва академик мукофот билан тақдирланади. Ўқишининг иккинчи йили маҳаллий клиникада ассистентликни бошлаб, кейинчалик педиатр ва психиатрликни ўрганади. Минг машаққат ва масхараларга қарамай, ниҳоят, 1896 йили «тиббиёт доктори» унвонини олиб, таҳсилини якунлаган Мария мамлакат тарихидаги илк ва ягона шифокор аёлга айланади — миссия бажарилади.

Ўша йилнинг сентябрида Берлинда ўтказилган Бутунжаҳон аёллар конгрессида сўзга чиққан ёш шифокор Италияда ҳам аёллар эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлиши шартлигини таъкидлайди. Мухбирлардан бири конгресс якунида беморлар аёл докторга қандай тоқат қилаётганлари ҳақида сўраганида: «…улар кимдир соғликлари учун қайғураётганини ич-ичларидан ҳис қиладилар. Тепада ўтирганларгина аёлнинг қўлидан нимадир келишига гумонсирайди», дейди бамайлихотир.

1897 йили Рим университетига қарашли психотерапия клиникасида ҳамкасблари қаторида илмий тадқиқот ишида қатнашаркан, Жузеппо Монтесано билан танишади ва икккиси бир-бирига кўнгил қўяди. Лекин муносабатлар узоқ давом этмайди — Монтесанонинг ўжар онаси Марияни келин қилишни хоҳламайди. Ўртада бола — Мария хонимнинг ягона суянчи, ишларининг давомчиси Марио Монтессори дунёга келгач ҳам никоҳдан дарак бўлмайди.

Ўша пайтларда никоҳсиз туғилган фарзандни тарбиялаш, ёлғиз оналик ва, айниқса, давлат ишидаги аёлнинг бу «қилиғи»ни ҳаммадан ҳам жамият аёвсиз қоралаган. Боладан айрилмаслик ва ишини ҳам йўқотмаслик учун узоқ қишлоқдаги қариндошига ўғлини ташлаб, касалхонага қайтади. Орадан 10 йил ўтгачгина ўғлини эл-юртга таништириб, бирга яшай бошлайди.

27 ёшида руҳий саломатлигида нуқсони бор болалар билан шуғулланишга киришаркан, бундай қарор кейинчалик бир умрлик фаолиятга — миттивойлар билан тақдирини бир қилиб боғлашга асос бўлишини сезмаган ҳам. Орадан уч йил ўтгач, сезиларли натижалар қайд этилади ва Ақли заиф болаларни ҳимоя қилиш миллий лигаси Ортофреник институт очиб, Монтессорини директор этиб тайинлайди.

«Casa dei Bambini» — болаларга болалигини туҳфа этган маскан

Орада халқаро конференция ва тадбирларда қатнашиб, вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчиликка эътибор қаратиш, ақли заиф болалар учун мактаблар ташкил этиш ҳамда улар учун ўқитувчи-мураббийлар тайёрлаш зарурлигини тез-тез такрорлайверади. Овози узоқ манзилларга етмаслигини сезса-да, танлаган йўли, аҳдидан қайтмайди.

1901 йили асосий фаолиятидан четланиб, Рим университетида фалсафа фанини ўқишга шўнғийди. Шундан кейин ҳақиқий профессионал фаолият бошланади. Итальян педагогикасига янгилик киритиш, бола қобилиятини эрта аниқлаш ва ривожланишига туртки беришнинг илмий асосларини обдон ўргангач, илк мактаб — «Casa dei Bambini» (итальянча «Болалар уйи»)ни очади.

Италияда очилган илк Casa dei Bambini — «Болалар уйи». Фото: Association MontessoriИталияда очилган илк Casa dei Bambini — «Болалар уйи». Фото: Association Montessori

1907 йилнинг январида Римнинг ўртаҳол, аксар аҳолиси камбағал яшайдиган қисмида очилган мактаб тажрибаси кутилмаганда катта натижа кўрсатадики, Италиядан ташқари бошқа ўлкаларга ҳам тезда донғи етади. Бугун шундай мактаблар сони 60 мингтага етган. Бу даргоҳни битирганлар орасида машҳур ошпаз Жулиа Чайлд, адиб Габриел Гарсиа Маркес, қўшиқчи Тэйлор Свифт, Гугл асосчиси Ларри Пейж, Челси Клинтон (Билл ва Ҳиллари Клинтоннинг қизи), Британия қироли Чарлз ва бошқа машҳурлар, турли соҳада йўлини топганлар анчагина.

Болаларни кўпинча икки тоифага — иқтидорли ва иқтидорсизга бўлишади. Айримлар буни қоида деб ҳам билади. Бироқ Монтессори хоним ҳар қайси болада қандайдир истеъдод, иқтидор ва ўрганишга иштиёқ бўлишига астойдил ишонган. «Болалар биз катталарга ажойиб сабоқ беради — ақлимизни ривожлантириш ва муайян шаклга солиш учун қўлларимизни ишлатишимиз шарт экан», дейди у.

Мактабда ўртача 50−60 нафар бола қабул қилиниб, кўпинча, 2−3 ҳамда 6−7 яшар болалар ўқитилган. Синфхона жуда оддий: ўқитувчи столи, ёзув доскаси, митти стулчалар, кресло ва болалар столи, ўқув материаллари учун жавондан иборат бўлган. Машғулотлар ҳам ота-оналарнинг аксари кутганидек «мўъжизакор», «сеҳрли» эмас, беҳад содда ва ботартиб — кийиниш ва ечиниш, чангларни артиш, супур-сидир, мўъжаз боғчадаги гул, ниҳолларни парваришлаш, митти жониворларни боқиш, овқат тайёрлаш — тарзда ташкил этилган. Болаларга нимани қандай ўргатиш техникаси ва психологиясини ўргангач, дарсликларни Монтессори хонимнинг ўзи ёзади. Бироқ ҳаммани ҳайрон қолдириб, машғулотларни хоним эмас, балки ёрдамчи ўқитувчилар, мураббиялар ўтади, директор эса кузатиш-ўрганиш ва янгиликлар киритиш билан чекланади.

Монтессори хоним педагогика энг аввал ҳис-туйғуни ривожлантириши зарур деган қоидага суянган. Эҳтимол, айни шу қараши сабаб таълим системасида инқилоб ясай олгандир. У тузган дарсликларнинг бари ўйин ва ҳаракатли машғулот орқали бола ҳиссиётини ташқарига чиқаришга мослаштирилган. Ўқитувчиларга ҳам китобни шунчаки зерикарли оҳангда ўқиш, билган-кўрганини қуруқ гап, баён билан эмас, ўйин ва тақдимотлар орқали кўрсатиш, ўргатиш талаб этилган. Орадан етти йилча ўтгач, ниҳоят бутун дунёга Монтессори методи сирларини очиб бергувчи ва бошқаларни руҳлантирувчи дастлабки китоб ёзилади.

Монтессори методининг энг афзал тарафларидан бири — боланинг турли қолипларга солинмаслигидир. Синф хонаси, мактабдаги эмин-эркинлик болажонни дарсларда фаол бўлишга руҳлантирган, амалий машғулотларга бажонидил шўнғишга ундаган ва, энг муҳими, бола бевосита ўзини ўзи тарбиялай олган. Кимгадир тартибсиз ва назоратсиз туюлган мактабу услуб вақти келиб мевасини беради.

Мактабдаги дарслар ҳар куни 9:00 да бошланиб, 16:00 гача давом этган. Мустақил ишлаш ва одатий юмушларни болаларнинг ўзига қолдириш ўғил-қиздаги янги қобилиятни кашф этиши, ривожланишида нуқсон бўлмаслигини хоним амалиётда синаган. Ҳар бир болага алоҳида шахс деб қараш унинг имконият ва истеъдодини тўлиқ очади деган хулосага келган. «Бир ярим ва икки ёш орасида боладаги мустақиллик ҳиссини ривожлантириш шарт», дейди у 1946 йилдаги Лондон конференциясидаги чиқишида.

Жараённи синчков кузатаркан, Монтессори болаларнинг материалларни мустақил танлаши, эркин ҳаракатланишига қўйиб бериб, тажрибалар ўтказган. Мустақиллик — таълимнинг мақсади, психологик ривожланишни кузатиш ва болаларга етакчилик қилиш ўқитувчининг вазифаси бўлсин, дейди. «Мен ҳеч қандай методика кашф этганим йўқ, аксинча, болаларнинг эркин яшашига имкон бердим», дея атрофидагиларнинг саволига жавоб қайтаради у.

Монтессори мактабининг олтин қоидалари:

  • Бола фаол бўлиши муҳим. Унинг улғайишида катталар иккинчи ўринда турсин, раҳбар эмас, кўмакчи бўлсин;
  • Эркин ҳаракат ва бола танлови;
  • Катта болалар ўзидан кичикларга билганини ўргатсин. Айни шу одат бошқалар ҳақида ғамхўрлик қилиш кўникмасини шакллантиради;
  • Бола қарорни ўзи чиқарсин;
  • Машғулотлар махсус ҳозирланган муҳитда ўтилиши шарт;
  • Катталарнинг бурчи — болани қизиқтира билиш. Кейин боланинг ўзи ривожланиб кетаверади;
  • Бола ичидаги истеъдодни тўлиқ кўрсатиши учун унга эркин фикрлаш, ҳаракат ва туйғу имконини бериш керак, холос;
  • Болани табиатдан бездириш эмас, дўст қилиш кифоя;
  • Уни танқид қилманг, қандайдир тақиқ, чеклов билан бўғманг;
  • Хато қилишга ҳар бир боланинг ҳаққи бор. Уни тўғрилашни ҳам ўзига қўйиб беринг.

«Casa dei Bambini»нинг донғи шу қадар тараладики, иккинчи мактаб ҳам қисқа фурсатда очилади. Диққатни жамлаш, эътибор, ўзини ўзи бошқариш ва ривожлантириш методикаси асосида ўқиётган итальян болаларининг ютуғига қўшни мамлакатлар ҳам қизиқа бошлайди. 1907 йили ўқиш ва ёзиш бўйича ўтказилган тажриба ҳам муваффақиятли бўлади. 4−5 яшар болажонларнинг ёшига нисабатан тез савод чиқариши кўпчиликнинг ҳайратини оширади. 1908 йили яна учта шундай «Болалар уйи» очилади. Келаси йилдан эса боғчаларда ўқитиладиган Фрёбел методикаси Монтессори методикаси билан алмаштирилади.

1909−1915 йиллар ораси хоним ишлаб чиққан метод секин-аста дунёни забт эта бошлайди. Аввал Швейцария, кейин Буюк Британияга уланган занжирни Франция, Аргентина, Австралия, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Мексика, Сурия, АҚШ, Янги Зеландия давом эттиради. Лондон, Йоханнесбург, Рим ва Стокҳолмда хоним методи давлат таълим дастурига киритилади. Китоб, дарслик ва ишланмалари турли тилларга ўгирилиб, тўрт томонга тарқайди. Инглиз тилида биринчи марта нашр этилган «Il Metodo…» («Услуб…») АҚШда бестселлерга айланади.

Йиллар давомида ишлаб чиққан, амалда синаган методлари «Il metodo della pedagogia scientifica» («Монтессори методи»), «Бойитилган Монтессори методи», «Болалик сири», «Янги дунё таълими», «Инсон қобилиятини тарбиялаш» каби асарларига жамланади.

Дунёга қадам

Турли ўлкаларда маърузалар ўқиб, методикаси сирлари ҳақида сўзларкан, 1930 йил бошидан Европа бўйлаб тарқалаётган фашизм шарпаси Монтессорини узоқ-узоқларга бош олиб кетишга ва бир муддат ортга қайтмасликка мажбур қилади. 1933 йили Германиядаги барча Монтессори мактаблари ёпилгани ва китоблари битта қолмай ёқиб юборилгани хонимга қаттиқ таъсир қилади.

У 1936 йили диктатор Бенито Муссолининг мамлакатда ёш фашистлар учун алоҳида мактаб ташкил этиш таклифини қатъий рад этади. «Йўқ» деган жавобга ўрганмаган раҳнамо ўлкадаги барча Монтессори мактабларини битта қолдирмай ёпишга фармон беради. Мария хоним худди шу йили Испанияда бошланган фуқаролар урушидан кейин тинч замонлар келгунича Ҳиндистонга кетиб, турли кўнгилсизликларни бошидан кечиради.

Ҳинд диёрида умр кечираркан, хоним таълим-тарбия масаласига бошқа томондан қарай бошлайди. Ҳинд фалсафасини чуқур ўрганиб, тирик вужуд билан шуурни бирлаштириш зарурлигини пайқайди. Табиат ва инсон уйғунлиги кўп эшикларнинг очқичи эканини сезгач, умрининг охиригача амал қилган ҳамда 6−12 ёшдаги болаларга аталган «Коинот таълими» методини яратади. Фалсафа ва ҳаёт ҳақидаги мушоҳадалари айни шу ўлкада шакллангани, бойиганини хоним умри поёнидаги хотираномаларида бот-бот таъкидлаган.

1946 йили Нидерландияга, келини Ада Пиерсон ва неваралари олдига қайтади. Бутун миллат фарзандларига сабоқ бериб, уларнинг камолотига ҳисса қўшган хоним энди ёлғиз ўғлининг зурриёдларини ҳам тарбиялаш, таълим беришга енг шимаради. Гарчи насиб этмаса-да, Нобель мукофотига бир неча маротаба номзоди қўйилади. Вафотидан бир йил олдин Лондонда ўтказилган IX Бутунжаҳон Монтессори конгрессида қатнашиб, маъруза ўқийди. 1952 йили эса Нидерландиядаги хонадонида ягона меросхўри ва давомчиси, Монтессори методини бутун дунёга ёйишда астойдил тер тўккан Марионинг қўлида омонатини топширади.

ЮНЕСКО инсоният олдидаги хизматлари учун 1988 йили уч буюк тарбиячи — америкалик Жон Дюи, немис Георг Кершенштейнер ҳамда совет педагоги Антон Макаренко номи олдига Монтессори хоним номини қўйиб, ХХ аср таълим-тарбия тизимига қўшган ҳиссасини муносиб эътироф этади. Мария Монтессори сурати итальян банкноталари ва тангаларида, Нидерландия, Ҳиндистон, Италия, Мальдив ороллари, Покистон ва Шри Ланка маркаларида акс этган.