Бош прокуратура матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда Фарғона шаҳрида мактаб ўқувчиси бўлган қиз ўзини 16 қаватли уйнинг томидан ташламоқчи бўлгани ҳақидаги хабар юзасидан муносабат билдирди.

Аниқланишича, 14 ёшли қиз Д. К. (мактаб ўқувчиси) ўгай отаси билан ўзаро жанжаллашиб қолиши оқибатида Фарғонанинг Тарона кўчасида жойлашган 16 қаватли уйнинг томига чиқиб олган. У ўзини пастга ташлаб, жонига қасд қилмоқчи бўлган.

Воқеа жойига борган Фарғона шаҳар ИИБ ва ФВВ ходимлари Д. К.ни томдан соғ-омон тушириб олишган. Ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.